Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси виртуал фирибгарлик ҳамда ўғирлик жиноятларидан барчангизни огоҳ қилади!!!
Ички ишлар бошқармасининг расмий веб сайти, “телеграм”, “инстаграм”, “фейсбук”, “ютуб” ижтимоий тармоқлари, шунингдек, бошқа оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни, вилоятимиз, қолаверса, республикамиз ҳудудларида ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган виртуал фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари ҳақида қатор тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Бироқ фуқароларимиз, ушбу огоҳлантиришлардан ўзларига тегишли хулоса чиқармасдан, осон бойлик орттиришни мақсад қилиб, ижтимоий тармоқ фирибгарларининг “қурбони”га айланиб қолмоқдалар.
Худди шу каби ҳолатлардан яна бири Бухоро туманида содир бўлди.
2021 йил 26 февраль куни номаълум шахс алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритиш мақсадида, Бухоро тумани Шергирон маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган Ф.С. исмли қиз билан телеграм ижтимоий тармоғи орқали “Мафтуна шоп” логотипи остида алоқага чиқиб, “Сиз Раъно шоп гуруҳидан 5.000.000 (беш миллион) сўмлик сертификат ютиб олдингиз, “клик” ёки “пайнет” орқали ушбу ютуқни ташлаб берамиз, ҳурмат билан “Севара шоп”,-дея хабар юбориб, ютуқни олиш учун пластик картасининг рақамини олишга эришиб, ушбу пластик карта орқали 700.000 сўм миқдорда электрон тарзда микро кредит расмийлаштириб, ушбу пластик карта ҳисобига олинган 700.000 сўм миқдордаги кредит маблағларини ечиб олиб жабрланувчига моддий зарар етказган ҳолда фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Ички ишлар бўлими томонидан олиб борилган тезкор-техник ҳамда суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Жиззах вилояти Пахтакор тумани Тошкент маҳалласида яшовчи, 2002 йилда туғилган А.А. исмли шахс содир қилганлиги аниқланган.
Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши юзасидан ҳамда ушбу шахснинг вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ёки республикамиз бўйлаб содир этилган ва фош этилмасдан қолаётган худди шу турдаги жиноятларга алоқадорлик масаласини аниқлаш мақсадида дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар!
Интернет фойдаланувчилари!
Ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, виртуал спорт мусобақалари ва қимор ўйинлари, турли хилдаги акциялар, электрон савдолар ва шунга ўхшаш бир қатор фирибгарлик ва ўғрилик ҳолатларига дучор бўлмаслик учун, сир сақланиши лозим бўлган пластик карта рақамларини, махфий коди ёки паролини бировга ошкор қилмаслик, суратга тушириб ёки оғзаки тарзда маълум қилмасликларингизни сўраб қоламиз.