26 Январ 2021 йил 829

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баходир Юлдашевич Мирзарахимов иштирокида йил якуни – 2020 йил сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Видеоселектор тартибида ўтказилган мазкур йиғилишда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг барча ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда барча шахсий таркиб иштирок этди.

Тадбир аввалида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев томонидан 2020 йил давомида вилоятда ҳуқуқбкузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, содир бўлган жиноятларни иссиқ изида фош этиш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан батафсил ахборот берилди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда, 2020 йил давомида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда ўтказилган профилактик тадбирларнинг самарадорлиги хусусида соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ИИБ бошлиқлари ва бошқа масъулларнинг ҳам ҳисоботлари тингланди.

Ҳисоботлар тингланиб, муҳокама натижаларига кўра хизмат вазифаларини бажаришда камчиликларга йўл қўйиб келган айрим раҳбар ва ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Шундан сўнг 2021 йилда – Бухоро вилоятида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга қаратилган янги лойиҳалар, куч воситалар, моддий-техник базани яхшилаш бўйича қилинган таклифлар муҳокама қилинди. Ички ишлар вазирининг ўринбосари билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазаларга нисбатан ўзининг тавсияларини бериб, йўл қўйилган камчиликлардан керакли хулоса чиқариб, берилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажариш, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш бўйича топшириқлар берди.

Биринчи навбатда ҳар бир ички ишлар органи ходимининг ўзи хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилиши, хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси ватанга, хизматга ва халқига садоқатли бўлиши лозимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Вазир ўринбосари, юқори ва қуйи тизим раҳбарларига, ходимларнинг оилавий шароити ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни тарбиялашда устоз-мураббий анъаналарини янада кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди.

2021 йилда Бухоро вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан ишлаб чиқилган ташкилий тадбирлар режаси ва йўл хариталарини яна бир бор синчковлик билан кўриб чиқиб, ҳар бир йўналиш бўйича барча устувор вазифаларни белгилаб олган ҳолда ижрога қаратиш лозимлиги юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Йиғилиш якунида 2020 йил давомида хизматдошларига шахсий намуна кўрсатиб юқори кўрсатгичларга эришган, маъмурий ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларда самарали меҳнат қилган, содир этилган жиноятларни аниқлаш ва иссиқ изида фош этиш борасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ вилоят ички ишлар органлари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг кўкрак нишони, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиғи ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Text to speech