Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ишга тушган “102” автоматлаштирилган тизим фаолияти таҳлил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сонли Фармони билан тасдиқланган Дастурнинг 62-банди ҳамда ИИВнинг 2020 йил 25 январдаги 36-сонли буйруғи асосида вилоят ИИБ Ташкилий бошқарма навбатчилик қисми негизида жорий йилнинг 17 май кунидан марказлашган тартибда ўз фаолиятини бошлаган “102” автоматлаштирилган тизими орқали фуқароларнинг жиноят ва ҳодисаларга оид хабарлари реал вақт режимида қабул қилиниб, жойларга узатилмоқда.
Бу эса ўз навбатида келиб тушаётган ҳар бир тезкор хабар асосида туман-шаҳар ИИБ ходимларини ҳодиса содир бўлган жойга зудлик билан етиб боришлари ҳамда тезкорлик билан чора-тадбирлар кўришларига замин яратмоқда.
Бугун, жорий йилнинг июнь ойи 10 куни давомида “102” қисқа рақамига тушган хабарлар вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Мансур Қодиров томонидан бирма-бир муҳокама қилиниб, фуқароларнинг айни бир мазмундаги мурожаатлари қайта-қайта келиб тушишини олдини олиш, хабарларни тезкорлик билан ҳал этишда йўл қўйилаётган бошқа камчиликлар ва келгусида ушбу камчиликларга йўл қўймаслик борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳар бир мурожаатнинг ўз вақтида, қонуний ва сифатли ҳал этилишига шахсан биринчи раҳбарларнинг жавобгар эканликлари таъкидланди.
Видеоселектор йиғилишида иштирок этган ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқларининг 1-ўринбосарлари, ташкилий бўлинма бошлиқлари, навбатчилик қисми навбатчилари ва уларнинг ёрдамчилари ҳамда мурожаатлар билан ишлаш бўйича инспекторларига Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда Бош прокуратуранинг 2021 йил 01 февраль кунидаги қўшма қарори билан тасдиқланган жиноят ишини кўзғатишни рад килиш тўғрисидаги соддалаштирилган тартиб, ушбу тартиб асосида 1 кун муддатда қарор қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш борасида ҳам тушунтиришлар берилди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда, автоматлаштирилган тизим орқали келиб тушган хабар асосида ҳодиса содир бўлган жойга ўз вақтида етиб бормаган бир қатор масъул ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.