Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ИИВ Академияси бошлиғининг маслаҳатчиси генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов иштирокида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
2021 йил 26 июнь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида, бошлиқнинг барча ўринбосарлари, хизмат соҳа раҳбарлари ва шахсий таркиби, ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, шунингдек узоқ йиллар ички ишлар органлари сафида самарали хизмат қилиб, бугунги кунда нафақада юрган бир гуруҳ фахрийлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғининг маслаҳатчиси генерал-лейтенант Баҳодир Ахмедович Матлюбов иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишлаб тайёрланган, ички ишлар органларининг шонли тарихига бағишланган «Ўзбек давлатчилик тараққиётида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тизимларининг шаклланиши ҳамда ривожланиши» номли китоб тақдимотини ўтказди.
Ушбу китоб мамлакатимиз ички ишлар органларининг шонли тарихини асраб авайлаш, соҳа ходимлари ва фахрийларининг келгуси авлодларга намуна бўладиган жасоратини, кўрсатган ибрат намуналарини оммалаштириш, Ватанимиз мустақиллиги ва эл-юртимиз осойишталиги йўлида азиз жонларини фидо қилган ходимларнинг ёрқин хотирасини эъзозлаш ва абадийлаштиришга бағишланган.
Ўтказилган тадбирда сўзга чиққан генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов ички ишлар органлари соҳасидаги узоқ йиллик машаққатли хизмати ҳақида сўзлаб берар экан, ушбу китобнинг яратилиш жараёнлари, китобнинг мазмун моҳияти, эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларини ҳам батафсил сўзлаб берди.
Ушбу китобнинг ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган ёш ходимлар учун дастурил амал бўлишини таъкидлаб, бугунги кунда ИИВ Академияси кундузги бўлим курсантларига ўргатилаётганлигини ва келгусида Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги барча таълим муассасаларида алоҳида дарслик сифатида ўргатилиши юзасидан ишлар олиб борилаётганлигини ҳам маълум қилди.
Ўзбекистон худудидаги дастлабки давлатчилик даврларидан бошлаб, мустақиллик давригача бўлган барча жараёнлар, мустақиллигимизнинг 30 йиллик тарихида ички ишлар органларининг ўрни ва роли ёритиб берилган бу тарихий китоб аниқ фактлар ва маълумотлар асосида тайёрланган.
Мустақилликнинг азиз неъмат эканлиги, бундай тинч ва фаровон кунлар осонлик билан қўлга киритилмаганлиги, мустақилликнинг дастлабки ва ундан кейинги йилларида содир бўлган воқеликлар ҳақида фикр билдириб, ички ишлар органлари ходимлари оғир даврларда ҳам халқи ва Президенти олдида доим хизматга шай ҳолатда турганлигини фахр билан таъкидлаб, бугунги кунда ҳам ходимлар онгида “Ватанга ва халқига садоқат билан хизмат қилиш олий бурч” концептуал ғоясини сингдириш ва шу асосда хизмат олиб бориш лозимлигини уқтирди.
Генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов тадбир якунида барча шахсий таркиб ва фахрийларга ўзининг самимий тилакларини билдириб, ички ишлар органларининг ёш авлодини тарбиялашда фахрийларнинг бой тажрибаларидан унумли фойдаланиш, улар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан ўзининг тавсияларини берди.