27 Май 2021 йил 600

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўзгача тарзда ўтказилди

Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармасида шахсий таркиб билан “Маънавий-маърифий ишлар концепсияси” талаблари асосида ходимларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ўз касбига садоқат ва ҳурмат ҳиссини янада ошириш мақсадида қатор ижобий тадбирлар, учрашувлар ва кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 27 май куни Ички ишлар бошқармаси маънавият ва маърифат залида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш Департаменти масъул ходимлари иштирокида ўтказилган маънавий-маърифий кеча ҳам айнан шу мақсадда ташкил этилиб, унда элимизнинг суюкли санъаткорлари, Ўзбек Миллий Академик Драма театри актёр ва актрисалари Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов, Теша Мўминов ва Саида Раметова ҳамда “Шухрат” медали соҳибаси Дилноза Кубаевалар иштирок этдилар.

Элимизнинг атоқли ва суюкли санъаткорлари томонидан Ватанни мадҳ этувчи гўзал шеърлар, тарбиявий аҳамиятга эга донолар бисотидан келтирилган пур-маъно фикрлар тадбирда иштирок этаётган ички ишлар ходимларида катта таассурот қолдирди.

Бир биридан ажралиб турувчи роллари билан мамлакатимиз, қолаверса чет давлатларда ҳам шуҳрат қозонган актрисалар Саида Раметова ва Дилноза Кубаевалар томонидан жонли тарзда ижро этилган «Андишали келин» спектаклидан парча эса барчани бирдек ҳайратга солди.

Санъаткорлар тадбирда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро Академик лицейи ўқувчи ёшлари ҳамда вилоят ички ишлар ходимларини қизиқтирган шахсий, ҳаётий ва санъат билан боғлиқ саволларига жавоб бериб уларни хушнуд қилдилар.

Тадбир якунида бошқарма бошлиғи Шухрат Алиев санъаткорларни эътироф этиб, шахсий таркиб номидан уларга ташаккурнома, гуллар ва турли совғалар улашди.

Бу каби маънавий-маърифий тадбирларнинг ташкиллаштирилиши шахсий таркибнинг руҳан соғлом, тетик ва ишчанлик қобилияти ошишига, хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш самарадорлиги кўтарилишида муҳим аҳамият касб этади.

Text to speech