Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида вилоятдаги олий, касбий ва халқ таълими муассасалари раҳбарлари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган топшириқлар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди
Жорий йилнинг 15 апрель куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида, бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев ҳамда вилоят ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Мирали Ҳамроевлар томонидан, вилоят ҳудудидаги барча олий таълим муассасалари ректорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Халқ таълими ҳамда касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармалари бошлиқлари, 32-сонли Меҳрибонлик уйи мутасаддилари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармасининг соҳавий хизмат раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда асосий 2 та масала:
- жорий йилнинг 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселекторда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш;
- ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда ижтимоий профилактиканинг аҳамияти, вилоятдаги олий таълим муассасаларининг талаба ёшлари ва ўқитувчилари ҳамда ишчи хизматчилари томонидан содир этилаётган жиноятлар, бунга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф қилишда идоравий ҳамкорликни янада самарали ташкил этиш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан бошқарма бошлиғи, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси раиси Шухрат Алиев сўз юритиб, вилоятимизда ҳам Олий таълим муассасалари ректорлари ва бошқа мутасадди раҳбарлари маҳаллаларга тушиб, ёшлар тарбияси, уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ташаббус билдирмаётганлиги, талабалар яшаш уйларига бориб ёки ёшлар билан учрашиб, улар билан яқин мулоқотни йўлга қўймаганликлари, ёшларнинг ҳаётда ўз йўлини топиши ва бу борадаги амалий тадбирларни ташкил этишда бирор бир ташаббус кўрсатмаётганликларини таъкидлаб, аксарият ҳолатларда, талабаларнинг дарсдан бўш вақтлари назоратсиз қолаётганлиги, талаба ёшларнинг енгил-елпи ҳаёт кечиришга интилиши ва турли кўнгилочар масканларда вақт ўтказиши оқибатида жиноятга қўл ураётганликларини аниқ мисоллар орқали кўрсатиб ўтди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги ЎРҚ 371-сонли Қонунини ва Президентимизнинг 2017 йил 14 март кунидаги
ПҚ-2833-сонли Қарорига асосан Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясига аъзо барча таълим муассасалари томонидан 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида вояга етмаган ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлари ҳамда таълим муассасаларининг мансабдор шахслари томонидан коррупцион ҳолатларга қўл урилаётганлиги ҳам танқидий муҳокама қилинди.
Бугунги кунда вилоятдаги барча олий таълим муассасаларида 39.620 нафар (15 746 нафар қизлар) талаблар таълим олаётган бўлиб, уларнинг 25.769 нафари ўз уйида, 3.444 нафари олийгоҳлардаги ётоқхоналарда, 2.457 нафари қариндошларининг хонадонида, 7.950 нафари турли манзилларда ижара асосида яшаб келаётганликлари инобатга олиниб, ҳар бир талабани ўрганиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, муаммоларини аниқлаш ва манзилли тадбирлар орқали ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш чораларини кўриш лозимлиги тушунтирилди.
Жумладан, талабаларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш орқали, улар орасида бошқа вилоят, туман-шаҳар ва қўшни давлатлардан келиб таълим олаётганларининг ижтимоий-иқтисодий ва маиший йўналишлардаги муаммоларини ўрганиш;
- ижара асосида яшаб келаётган талабаларга ижара ҳақларининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилишини инобатга олиб, хонадон эгалари ва талабалар ўртасида ижара шартномаларини тузиш орқали, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
- олий таълим муассасалари ректор ва бошқа мутасаддиларининг маҳаллаларга тушиб, уюшмаган ёшларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб этиш;
- «Ёшлар дафтари»га кирган ёшлар учун олийгоҳларга ўқишга кириш имтиҳонларига бепул тайёрлов курсларини ташкил этиш;
- юқори курсларда ўқийдиган 2 нафар намунали талабага 1 нафар уюшмаган ёшни бириктирган ҳолда унинг ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашиш амалиётини йўлга қўйиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шу ўринда яна бир муҳим масала, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ҳамда бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаб берилишини инобатга олган ҳолда, 32-сон Меҳрибонлик уйини 2020-2021 ўқув йилида битирувчи ёшларнинг рўйхатларини шакллантириб, аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгилаб олиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Ҳар бир масала юзасидан мутасаддилар зиммаларига юклатилган вазифалар, кўрсатма ва топшириқлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, манзилли чора-тадбирлар бўйича узвий ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.