Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг бир қатор ходимлари Наврўз умумхалқ байрами муносабати тақдирланди
21 март Наврўз умумҳалқ байрами муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи асосида вилоят ички ишлар органларининг бир қатор ходимлари турли даражадаги кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бугун, Ички ишлар бошқармасида бўлиб ўтган тантанали йиғилишда, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан рағбатлантирилган ходимларга мукофотлар топширилди.
Жумладан, «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишонига 1 нафар, I, II ва III даражали «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишонига 3 нафар ва пул мукофотига 2 нафар ходимлар муносиб кўрилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 17 март куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирокида Бухоро вилоятида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишнинг “Маҳаллабай”, “Соҳабай”, “Фуқаробай” тизимлари ва “Ҳудуд методикаси”ни яратиш юзасидан ўтказган йиғилишида, хизмат ҳудудида жиноят содир этилишига йўл қўймаган, зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш давомида юқори натижаларга эришган, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларни рағбатлантириш юзасидан киритилган таклифлар мақулланиб, Ички ишлар вазирининг алоҳида буйруғи асосида турли даражадаги мукофотлар ва эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғига асосан, «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони билан 1 нафар, Ички ишлар вазирлигининг «Фахрий ёрлиғи» билан 4 нафар, «Эсдалик қўл соати» билан 1 нафар ходимлар мукофотланган бўлса, 2 нафар ходимларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрь кунидаги ПҚ-3413-сонли қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органларида хизматни ўташ тўғрисидаги Низомнинг 40-бандига мувофиқ рағбатлантириш тариқасида навбатдаги унвонлар берилди.
Бу каби рағбатлантиришлар ички ишлар органлари ходимларининг иш натижадорлигини оширишга, хизмат фаолияти давомида янада самарали меҳнат қилишга замин яратади.
Шу ўринда мукофот олган ва рағбатлантирилган барча ҳамкасбларимизни юксак эътироф билан муборакбод этамиз.