17 Апрел 2021 йил 437

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг ташаббуси билан хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган янги лойиҳа асосидаги ўқув тренинглар ўтказилмоқда

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлимининг ташаббуси билан, шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 3-сон Ички ишлар бўлими биносида ҳимоя ордери берилган хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик ўтказган томонларни тузатиш ҳамда уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш мақсадида янги лойиҳа асосида ўқув тренинглар ташкил этилди.

Бунда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёлларга берилган ҳимоя ордери асосида иккинчи томонни махсус дастур асосида ўқитиш, оилавий келишмовчиликлар юзага келганда қандай чора-тадбирлар белгилаш, куч ишлатмаслик, зўравонликка йўл қўймаслик, низоларни тинч йўл билан бартараф этиш усул ва услубларини ўргатиш орқали, оилалардаги тотувликни сақлаб қолиш ва ажримларнинг олдини олиш мақсад қилинган.

Мазкур лойиҳа Бухоро шахридаги “Ойдин нури” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Хелсенки Фондининг молиявий кўмаги асосида ишлаб чиқилиб, психологик ўқув тренинг тарзида ўтказилмоқда

Жумладан, зўравонлик қилган шахс билан олиб борилган ўқув тренингларнинг ҳар бир мавсуми 6 та машғулотдан иборат бўлиб, 3 цикл мобайнида олиб борилмоқда.

Тренинг доирасида 45 нафар зўравонлик ва тазйиқ ўтказган эркаклар ўқув ва тузатиш дастуридан ўтказилмоқда.

Ўқув тренинглар “Ойдин нури” нодавлат нотижорат ташкилоти психологлари томонидан олиб борилмоқда.

Шу ўринда, бу борадаги кенг кўламли ишлар 2019 йил 2 сентябрдаги  «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш» тўғрисидаги 561-сонли Қонун ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётганлиги эътиборга молик.

Text to speech