Бухоро вилояти Ички ишлар органлари ходимлари жалб этилган ихтисослаштирилган ўқув курслари якунланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 декабрдаги Ф-5408-сонли "Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармойиши ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 29 июлдаги 2/3275-сонли кўрсатмаси талабларига асосан Мудофаа вазирлигига қарашли Бухоро шаҳридаги ҳарбий қисм ўқув базасида Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимлари учун “Ихтисослаштирилган ўқув курслари” ташкил этилди.
Ўқув курсларига вилоят Ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари ҳамда туман (шаҳар) ички ишлар органлари ходимлари жалб этилиб, машғулотлар ҳарбийлаштирилган тарзда ташкил қилинди ва жорий йилнинг 1 февраль кунидан 13 февраль кунига қадар давом этди.
Ўқув машғулотларига жалб этилган ходимлар ҳарбий қисм ётоқхонасида (казарма) яшаб, шу вақт давомида ҳарбий техника, жанговар қурол ва гранаталар, махсус воситаларнинг тактик-техник хусусиятлари, табель қуролидан фойдаланишнинг тартиб-қоидалари, ўқ отишда хавфсизлик қоидалари ва чоралари, шахсий ҳимоя, қўл жанги усуллари ҳамда чуқурлаштирилган саф тайёргарлиги бўйича амалий-тактик ўқув машғулотларини ўтадилар.
Ўқув курсларини сифатли ва юқори савияда ташкил этиш, бунда таълимнинг замонавий интерфаол услублари ҳамда инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш мақсадида Мудофаа вазирлиги Қуролли кучлар академияси, ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий қисм мутахассислари ва ички ишлар органлари соҳавий хизматларининг соҳада бой амалий тажрибага эга бўлган ходимлари жалб этилди.
Ўқув машғулотларининг мақсади, энг аввало ходимларнинг хизматни ўташ давомида жанговар шайлиги ва ҳушёрлигини ошириш, фавқулодда ҳолатларда тўғри қарорларни қабул қилишларини таъминлаш, ҳарбий техника, жанговар қурол ва гранаталар, махсус воситаларнинг тактик-техник хусусиятлари, табель қуролидан фойдаланишнинг тартиб-қоидалари, махсус, тезкор ва ҳамкорликдаги режалар бўйича ҳаракатларини такомиллаштириш, обеъктларни ҳимоя қилиш ва мудофаа қилиш, мавжуд куч ва воситаларни тўғри тақсимланиши чуқурроқ ўргатиб борилди.
Ўқув курси якунида ходимлардан синовлар олиниб, махсус билимларни ўзлаштириш даражаларига баҳо берилди.
Тадбир сўнгида вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари томонидан ўқув курсларини таъмомлаган ходимларга “Сертификат”лар топширилди.