Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимларининг ихтисослаштирилган 3-босқич ўқув курслари бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 декабрдаги ПФ-5408-сонли "Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармойиши ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 29 июлдаги 2/3275-сонли кўрсатмаси талабларига асосан Мудофаа вазирлигига қарашли 28803-сонли ҳарбий қисм базасида Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимларининг “Ихтисослаштирилган ўқув курслари” учинчи ўқув йиғини бошланиб, бунда 60 нафар ходимлар жалб этилди.
Ўқув курсларига вилоят ИИБнинг соҳавий хизматлари ҳамда туман (шаҳар) ИИО ФМБ ва ИИБ ходимлари жалб этилиб, ҳарбийлаштирилган тарзда ташкил қилинган ўқув машғулотлари жорий йилнинг 01 март кунидан 13 март кунига қадар давом этади.
Ўқув машғулотлари казарма тартибида ташкил этилиб, шу вақт давомида ички ишлар органлари ходимлари ҳарбий техника, жанговар қурол ва гранаталар, махсус воситаларнинг тактик-техник хусусиятлари, табель қуролидан фойдаланишнинг тартиб-қоидалари, ўқ отишда хавфсизлик қоидалари ва чоралари, шахсий ҳимоя, қўл жанги усуллари ҳамда чуқурлаштирилган саф тайёргарлиги бўйича амалий-тактик ўқув машғулотларини ўзлаштириб борадилар.
Ўқув курсларини сифатли ва юқори савияда ташкил этиш, таълимнинг замонавий интерфаол услублари ҳамда инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш мақсадида Мудофаа вазирлиги Қуролли кучлар академияси, ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари, 28803-сонли ҳарбий қисм мутахассислари, ички ишлар органлари соҳавий хизматларининг соҳада бой амалий тажрибага эга бўлган ходимлари жалб этилган.
Ўқув машғулотларининг мақсади, энг аввало ходимларнинг хизматни ўташ давомида жанговар шайлиги ва ҳушёрлигини ошириш, фавқулодда ҳолатларда тўғри қарорларни қабул қилишларини таъминлаш, ҳарбий техника, жанговар қурол ва гранаталар, махсус воситаларнинг тактик-техник хусусиятлари, табель қуролидан фойдаланишнинг тартиб-қоидалари, махсус, тезкор ва ҳамкорликдаги режалар бўйича ҳаракатларини такомиллаштириш, обеъктларни ҳимоя қилиш ва мудофаа қилиш, мавжуд куч ва воситаларни тўғри тақсимланишини чуқурроқ ўргатиб боришдан иборат.
Ўқув курси якунида ходимлардан синовлар олиниб, махсус билимларни ўзлаштириш даражаларига баҳо берилади.