Бухоро вилояти Ички ишлар органлари Патруль пост ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳаси ходимларининг моддий техника таъминотини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 февраль куни Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида, шунингдек, 17 март куни Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирокида вилоят ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилишда берилган ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишнинг “Маҳаллабай” тизими ва “Ҳудуд методикаси”ни яратиш, иш самарадорлиги ва ходимларнинг билим ҳамда касбий маҳоратини ошириш, ички ишлар органлари ходимларига муносиб хизмат ва турмуш шароитларини яратиб бериш, ички ишлар органлари моддий техник базасини яхшилаш, ходимларни рағбатлантириш ва бошқа шу каби бир қатор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Патруль пост хизмати ва Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Патруль пост хизмати батальони моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ажратилган 7 дона, 2 та “УАЗ” русумли, 5 та “Нексия-3” русумли махсус жиҳозланган янги хизмат автомобиллари, шунингдек ички ишлар органлари ҳуқуқ тартибот масканларида фаолият олиб бораётган профилактика инспекторларининг хизмат шароитларини яхшилаш мақсадида ажратилган 50 дона сўнгги русумдаги компьютер жамланмалари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда, Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев ҳамда Ички ишлар вазирининг ўринбосари-Тергов департаменти бошлиғи Яхёжон Абдулхаковлар иштирок этиб, янги автомашиналар калити ва компьютер жамланмаларини ходимларга топширдилар.
Ички ишлар органлари ходимларининг моддий техника таъминотини яхшилашга қаратилган бу каби амалий ишлар, ходимларнинг хизмат шароитларини яхшилашга, ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасидаги профилактик чора-тадбирлар самарадорлиги ва натижадорликка эришишга асос бўлиб хизмат қилади.