Бухоро вилояти ички ишлар органлари соҳавий хизматлари, шаҳар-туман ИИБ кадрлар гуруҳи (катта) инспекторларининг жанговар шайлигини ошириш мақсадида ташкил қилинган ўқув курслари якунланди
Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 2020 йил 7 ноябрдаги Фармойишига асосан жойларда шахсий таркибнинг касбий, жанговар ҳамда жисмоний тайёргарлиги бўйича ташкиллаштириладиган ўқув машғулотларини режалаштириш ва ташкиллаштиришга масъул бўлган кадрлар билан ишлаш гуруҳи инспекторлари иштирокида жорий йилнинг 9 ноябрь кунидан буён давом этиб келаётган қўмондонлик-штаб, касбий ва махсус тайёргарлик амалий-ўқув курслари 25 ноябрь куни якунланди.
Ўқув курсларида асосий эътибор, ички ишлар органларида шахсий таркибнинг жанговар шайлигини ошириш, махсус воситалар ва ўқ-отар қуролдан фойдаланиш, махсус, тезкор ҳамда ҳамкорликдаги режаларни ўрганиш, топографик карталар билан ишлаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этишда ички ишлар органларининг тегишли бўлинмалари, кучга эга тузилмалар ва бошқа ҳамкор идоралар билан самарали ҳамкорликни ташкиллаштириш ва уларнинг касбий билимларини оширишга қаратилди.
Шунингдек, ҳарбий техника, жанговар қурол ва гранаталар, “электрошокер” ва бошқа махсус воситаларнинг тактик-техник хусусиятлари, табель қуролидан фойдаланишнинг тартиб-қоидалари, ўқ отишда хавфсизлик қоидалари ва чоралари, шахсий ҳимоя, қўл жанги усуллари ҳамда чуқурлаштирилган саф тайёргарлиги бўйича амалий машғулотлар ўтказилиб, назарий билимлар берилди.
Ўқув курсларига ўқишга жалб этилган ходимларга амалий ўқув машғулотларида иштирок этишлари ва шу жараёнда ўқув дастурини тўлиқ ўзлаштиришлари учун зарурий шарт-шароитлар яратилди.
Машғулотлар давомида, ходимларнинг хизматни ўташ давомида жанговар шайлик ва ҳушёрликни ошириш, фавқулодда ҳолатларда тўғри қарорларни қабул қилиш, махсус, тезкор ва ҳамкорликдаги режалар бўйича ҳаракатларни такомиллаштириш, обеъктларни ҳимоя қилиш ва мудофаа қилиш, мавжуд куч ва воситаларни тўғри тақсимлаш ишларининг қай даражада ўзлаштирилганлиги синов имтиҳонлари вақтида текшириб борилди.
Назарий ва амалий-тактик тарзда ўтказилган ўқув курсларида дарс машғулотлари Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг ҳудудий бўлинмалари офицерлари, ИИВ Бухоро академик лицейи ўқитувчилари, вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматларининг тажрибали мутахассис ходимлари томонидан олиб борилди.
Якунда тингловчиларнинг ўзлаштириш даражаси Фармойиш асосида тузилган имтиҳон комиссияси томонидан ўтказилган синов имтиҳонларида тегишли тартибда баҳоланиб, ўқув курсларини намунали тарзда якунлаган жами 29 нафар иштирокчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар берилди.