Бухоро вилояти ички ишлар органларининг 6 ойлик иш натижалари сарҳисоб қилинди
Жорий йилнинг 25 июль куни Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, бошқарма бошлиғининг барча ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари ва бошқарма аппарати офицер ходимлари, ҳудудий ички ишлар органларининг бошлиқлари ҳамда барча шахсий таркиби иштирокида видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Йиғилишда қуйидаги масалалар:
• вилоят ҳудудида жорий йилнинг 6 ойи давомида содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари, келгусида "маҳаллабай" тизим асосида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар;
• шахсий таркиб ўртасида ижро ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш билан боғлиқ салбий ҳолатларни олдини олиш борасида жойларда барча тоифадаги раҳбарлар томонидан йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар ва келгусидаги вазифалар.
Танқидий ва таҳлилий тарзда ўтган муҳокама йиғилишида ҳар бир масала юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, туман (шаҳар) ларга масъул этиб бириктирилган соҳавий хизматлар раҳбарлари, ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари ва бошқа мутасаддиларнинг ярим йиллик иш натижалари бирма-бир кўриб чиқилиб, камчиликларга йўл қўйган раҳбарлар ва масъул ходимларга нисбатан интизомий таъсир чораларни қўллаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳокама йиғилиши якунида бошқарма бошлиғи вилоятнинг барча ҳудудларида келгуси 3-чорак давомида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан ишлаб чиқилган йўл хариталарининг манзилли ижросини таъминлаш, айниқса қизил тоифали маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида кенг қамровли профилактик тадбирларни жадаллаштириш, бундан ташқари, шахсий таркиб ўртасида ижро ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш, қонунийликка риоя қилиш, бунда ўрта бўғин раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш борасида ўзининг бир қатор кўрсатма ва топшириқларини берди. Берилган топшириқларнинг ижроси эса алоҳида назоратга олинди.