Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Ш.Х.Алиев тадбиркорлар билан сайёр қабул ўтказди.
Жорий йилнинг 6 октябрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, 2020 йилнинг 4 чораги учун тасдиқланган тадбиркорларни сайёр қабул қилиш графиги асосида, вилоятнинг Ғиждувон туманида бўлиб, “Бош вазир қабулхонаси” да туман ҳокими, вилоят ҳамда туман мутасадди идоралари масъуллари иштирокида тадбиркорлар билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар, ечимини излаётган масалалар юзасидан мурожаатларни қабул қилди.
Сайёр қабулда жами 7 нафар тадбиркорларнинг аризалари қабул қилиниб, шундан, 4 таси банк муассасалари томонидан тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ҳорижий технологияларни олиб келиш учун кредит маблағлари ажратишда амалий ёрдам беришни сўраб, 1 таси суд идоралари томонидан кўриб чиқилаётган фуқаролик иши бўйича, 1 таси туман Давлат солиқ идораси томонидан солиқ имтиёзлари қўлланилмаётганлиги борасида, 1 таси туман ҳокимлигига тегишли бўлган бино бўйича ҳисобланган компенсация тўловларининг тўлаб берилмаётганлиги масалалаларидаги мурожаатлар бўлди.
Ҳар бир мурожаат бўйича тегишли мутасаддиларнинг тушунтириш ва фикрлари ўрганилди ҳамда аниқланган муаммолар туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этилишига қараб, масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган ҳолда алоҳида назоратга олинди.