Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Шухрат Алиев ҳудудлардаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ўрганмоқда
Бухоро вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида жиноятлар сони кескин ошган, криминоген вазияти оғир маҳаллалар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев ва ишчи гуруҳ томонидан жойига чиқиб ўрганилиб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, шарт-шароит ва омиллар, бунда мутасадди идоралар масъуллари томонидан йўл қўйилган тизимли камчиликлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ҳамкорликдаги вазифаларнинг бугунги ҳолати, мазкур соҳада мавжуд муаммоларни ўрганиб, ушбу муаммо ва йўл қўйиб келинаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботларини тинглаб, вазиятни ўнглаш, ҳудудларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар борасида таклиф ва тавсиялар, манзилли кўрсатма ҳамда топшириқлар бериб келмоқда.
Шофиркон туманида ҳам жорий йилнинг 10 ойи давомида 128 та жиноятлар содир этилган бўлиб, туманнинг 10 та маҳалласида жиноятлар сони кескин ошган. Ушбу маҳаллаларнинг 4 таси криминоген вазияти оғир ҳудудлар сифатида алоҳида ажратиб олинган.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Шофиркон туманида бўлган бошқарма бошлиғи Шухрат Алиев туманнинг криминоген вазияти оғир деб топилган “Дўрман”, “Боғиафзал”, “Қалмақон” ва “Шодлик” маҳаллаларида сектор раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар, Ички ишлар органлари, Ички ишлар органлари таянч пунктлари, Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда маҳаллалар билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганди.
Ушбу маҳаллаларда содир этилган жиноятлар бирма-бир таҳлил қилиниб, ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, бунда ҳамкорликдаги идоралар масъулларининг йўл қўйган камчиликлари, сектор раҳбарлари томонидан ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида олиб бориши лозим бўлган кундалик назоратнинг сусайтириб юборилганлиги қаттиқ танқид остига олиниб, масъулларнинг ҳар бири қаттиқ огоҳлантирилди.
Келгусида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш бўйича кенг жамоатчилик ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда профилактик чора-тадбирлар белгилаб олиш бўйича топшириқлар бериб, ушбу маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш чораларини кўриш вазифаси сектор раҳбарлари ва маҳалла мутасаддилари зиммасига юклатилди.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев томонидан бу каби ўрганишлар вилоятнинг қолган барча шаҳар ва туманларида давом эттирилмоқда.