Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи ўз оталиғига олган Шофиркон туманининг Дўрмон маҳалласида жойлашган 3-сонли умумтаълим мактаби ва Султонобод маҳалласидаги ушбу мактабнинг филиали фаолияти билан танишди.
Вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳрат Алиев, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида ўзи томонидан оталиққа олинган туман Халқ таълими бўлимига қарашли Дўрмон маҳалласида жойлашган 3-сонли умумтаълим мактаби ва ушбу мактабнинг Султонобод маҳалласида жойлашган филиали фаолияти билан яқиндан танишди.
Вилоят ИИБ бошлиғи мактабда ўқув-тарбия жараёнининг ташкил этилиши, иссиқлик тизими ва бошқа коммуникацияларнинг аҳволи, ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланганлик даражасини ўрганди.
Ўрганиш давомида таълим муассасасида қатор камчиликлар борлигини айтиб, уларни бартараф этиш бўйича туман ҳокими, сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар масъулларига тавсия ва топшириқлар берди.
Жумладан, 10630 та китоб фондига эга кутубхонанинг тор хонада жойлашгани, ўқувчи-ёшларни китобхонликка, спорт ва фан тўгаракларига жалб қилиш борасидаги ишларни бирма бир муҳокама қилди.
Туман ҳокимлиги, тегишли мутасадди идоралар, туман Халқ таълими бўлими ва мактаб масъулларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, мактаб фаолиятини ривожлантириш, илғор мактаблар қаторига олиб чиқиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш, ўқитувчи ва ўқувчи ёшларга зарурий шарт-шароитларни яратиш бўйича бажариш муддатлари аниқ кўрсатилган йўл харитаси ишлаб чиқиш бўйича ишлар бошлаб юборилиб, вазифалар ўзаро тақсимланган ҳолда ижрога киришилди.
Шунингдек, мактабда ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун катта аҳамият касб этиши мумкин бўлган миллатимизнинг буюк фарзандлари Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди бурчакларини ташкил этиш, гул кўчатларини етиштириш мақсадида ихчам иссиқхона қуриш бўйича таклифлар берилди.
Кўлобод ва Суғут қишлоғи аҳолисининг 23 нафар фарзандлари таҳсил олаётган Султонобод маҳалласида фаолият олиб бораётган ушбу 3-сонли мактабнинг филиалига ҳам ташриф буюриб, мутасаддилар иштирокида муассасани қайта таъмирлаш, ободонлаштириш, зарурий шарт-шароитлар яратиш бўйича топшириқлар бериб, таклиф қилинаётган янги бино лойиҳа-смета ҳужжатлари билан танишиб, ўзининг бир қатор талаб ва тавсияларини билдирди.
Берилган таклиф ва тавсиялар амалга оширилиши ҳамда топшириқлар жросини алоҳида назоратга олиб, вилоят Ички ишлар бошқармасидан масъул раҳбарлар бириктирди.