Бухоро вилояти ИИБ да “15 октябрь – Халқаро кўкрак саратонига қарши курашиш куни” доирасида тадбир ўтказилди
Бугун жамиятимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, саломатликни сақлаш ва уни назорат қилиш, турли касалликлар тарқалиб кетишини олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада, республикамизда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг она ва бола саломатлиги бўйича UNIСEF халқаро ташкилоти ва бошқа ҳалқаро саломатлик идоралари билан олиб борилаётган ҳамкорликдаги ишлар натижасида, бир қатор юқумли касалликлар тарқалишининг олди олинмоқда.
Айни шу мақсадда, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Кадрлар бошқармасининг хотин-қизлар масалалари билан ишлаш гуруҳи ва тизимдаги Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан
“15 октябрь – Халқаро кўкрак саратонига қарши курашиш куни” муносабати билан ички ишлар органлари тизимидаги шаҳодатланган лавозимларда хизмат олиб бораётган хотин – қизларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида, соҳа мутахассислари ва тиббиёт ходимлари билан давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят аҳоли репродуктив марказ директори олий тоифали акушер-гинеколог Нодира Холова ўз маърузасида аёллар ўлими билан боғлиқ ҳолатларнинг таҳлили ҳақида гапириб, бугун касаллик сабабли ўлим ҳолатларига кўра кўкрак саратони касаллиги туфайли вафот этиш ҳолати аёллар ўртасида биринчи ўринда туришига алоҳида эътибор қаратиб, аёл ўз соғлигига бефарқ бўлмаслиги, мунтазам равишда организмидаги ўзаришларни кузатиб бориши ва бу касалликнинг илк белгилари намоён бўлиши биланоқ зудлик билан мутахассисларга мурожаат қилиши шартлиги, бефарқлик салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида тўхталиб, касалликнинг олдини олиш ва профилактика қилиш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган чораларни тушунтириб берди.
Шунингдек, учрашувда сўзга чиққан вилоят она ва бола скрининг маркази хотин-қизлар қўмитаси раиси Муҳаббат Сафарова ҳам ушбу касаллик бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, хасталикнинг аёл саломатлигига ва руҳиятига қанчалик оғир таъсир қилишини, энг ачинарлиси касаллик бевақт ўлим билан якун топишини таъкидлаб, фақатгина эрта ташхис қўйиб ушбу касалликнинг авж олишини олдини олиш мумкинлигини таъкидлаб, ўз маслаҳатларини берди.
Тадбир сўнгида шифокорлар иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб бериб, ихтиёрий тарзда кўрикдан ўтиш истагини билдирганларни тиббий кўрикдан ўтказиб, тегишли тавсияларни беришди.