13 Ноябр 2020 йил 371

Бухоро вилояти ИИБ ХПБ Хотин қизлар масалалари бўйича бўлим томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли профилактик тадбирлар

Бухоро вилояти ИИБ ХПБ Хотин қизлар масалалари бўйича бўлим томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли профилактик тадбирлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим томонидан, шаҳар-туман Ички ишлар органлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, зўравонлик, тазйиқ ва турли руҳий ҳамда жисмоний қийноқларга учраб келаётган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эрта турмуш, эрта туғруқ, ўз жонига қасд ва суиқасд билан боғлиқ ҳолатларни олдини олиш, ажрим ёқасига келиб қолган оилалардаги аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари муаммоларини ҳал қилиш орқали, ажримларни олдини олиш, узоқ муддатга кетган оилалардаги аёллар ва уларнинг қаровсиз қолган фарзандлари тарбияси билан шуғулланиш, уларни чет мамлакатлардан қайтариш ва ўзи яшаб келаётган ҳудуддаги бўш иш ўринларига ишга жойлаштирган ҳолда бандлигини таъминлаш, ишсиз ва касбга эга бўлмаган аёлларни касбга ўргатиш борасида кенг кўламли амалий тадбирлар, манзилли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан:

Бухоро шаҳрида ўтказилган тадбирда, шаҳарнинг Алпомиш кўчасида яшовчи 1981 йилда туғилган фуқаро М.А. нинг мурожаатига асосан, унга нисбатан турмуш уртоғи Б.А. томонидан тазйиқ ўтказиб келинаётганлиги аниқланиб, томонлар иштирокида мазкур ҳолат муҳокама қилинди ва М.А исмли аёлга бир ой муддатга берилган “Ҳимоя ордери” яна бир ойга узайтириб берилди.

Когон шаҳрида ўтказилган тадбирда эса, Туркистон маҳалласида яшаган Л.Онинг бир неча йиллардан буён келишмовчиликлар сабаб яшаш уйидан чиқиб кетиб, ҳозирги кунда ота уйида яшаб келаётганлиги, 2 нафар вояга етмаган фарзандларини қайнона қайнотаси олиб қолганлиги, фарзандларини олиб беришни сўраб қилган мурожаатига асосан профилактика инспектори ва маҳалла фаоллари билан биргаликда унинг яшаш хонадонига борилиб, қайнона ва қайнотаси билан профилактик суҳбат ўтказилди. Ҳозирги кунда ушбу оилани яраштириш ва фарзандлари билан боғлиқ масалани фуқаролик суди орқали ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Пешкў туманида ҳам юқоридаки каби тадбирлар давом эттирилиб, мутасаддилар томонидан Ибн Сино МФЙда яшовчи, 3 нафар фарзанди бор, 1972 йилда туғилган аёл Х.Х. нинг ўз ўғли 1994 йилда туғилган Б.О. билан ўрталаридаги келишмовчиликлар сабабини аниқлаш мақсадида уларнинг яшаш хонадонига бориб ўрганилганда, ҳовли жой масаласида муросага келмаётганлиги, ўғлининг онасига нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиб келаётганлиги сабабли, Х.Х.га 1 ой муддатда “Ҳимоя ордери” берилди ва ордер талаблари томонларга батафсил тушунтирилиб, она ва ўғил муносабатларини яхшилаш, муаммони бартараф этиш чоралари кўрилди.

Ғиждувон туманидаги Айиртом маҳалласида яшовчи ажрим ёқасига келиб қолган оила 1996 йилда туғилган У.М. ва унинг турмуш ўртоғи Н.Б.ларнинг оиласига борилиб, уларнинг турмуш шароити, ўрталаридаги келишмовчиликлар сабаблари, қудалар ўртасидаги носамимий муносабатлар,  турмуш ўртоғининг ишсиз эканлиги, моддий томондан оиласини таъминлай олмаётганлик ҳолатлари ўрганилиб, уларни иш билан таъминлаш борасида туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда чора-тадбирлар белгиланиб, аёлга бир ой муддатга “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилиб берилиб, бир бирларига нисбан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказмасликлари тушунтирилиб, оила яраштирилди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида амалга ошириб келинмоқда.

Text to speech