Бухоро вилояти прокурори Дилшод Файзиев ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиевлар Шофиркон туманида содир бўлган оғир турдаги жиноятни жойига чиқиб ўрганиб, туман мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилдилар
2021 йил 12 январь куни соат 18:30 ларда Шофиркон туман Қуйичуқурак маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган О.С. яшаш уйида турмуш ўртоғи 1983 йилда туғилган Ш.Р. билан рашк сабабли жанжаллашиб, жанжал вақтида Ш.Р. турмуш ўртоғи О.С.ни ҳақоратлаб ураётган вақтида, хонадаги иситиш печи олдида турган ошхона пичоғи билан ўз турмуш ўртоғи О.С.ни қасддан ўлдириш мақсадида унинг чап томон кўкрак қафаси ва чап томон бел соҳасига санчиб кесувчи жароҳатлар етказиб, О.С.нинг ўғли О.О. нинг аралашуви билан жиноятни охирига етказа олмасдан қасддан одам ўлдиришга суиқасд жиноятини содир қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Шофиркон туман прокуратураси томонидан Ш.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 15 январь куни Бухоро вилояти прокурори Дилшод Файзиев, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиевлар томонидан, туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар масъуллари, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари, ушбу маҳалланинг қишлоқ ва кўча вакиллари, нуроний отахон ва онахонлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида Шофиркон туманинг “Қуйичуқурак” маҳалласида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, маҳалла ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, жиноят содир этилган ушбу хонадон аъзолари билан олиб борилган профилактик тадбирлар жойига чиқиб ўрганилиб, жиноят муҳокамаси ўтказилди.
Муҳокама жараёнида маҳалла раиси, унинг ҳуқуқ тартибот ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарининг маҳаллада ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга ошираётган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари юзасидан ҳисоботлари тингланиб, масъуллардан мазкур жиноятнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар юзасидан фикрлари эшитилди.
Вилоят прокурори ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ушбу маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида маҳалла раиси, унинг ҳуқуқ тартибот бўйича ва хотин қизлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими мутасаддилари ва ички ишлар бўлими томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари бирма бир таҳлил қилинди.
Ўрганишлар натижасига кўра, жиноят содир этилишига эр ва хотиннинг биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги, эрнинг жиноят иши бўйича гумон қилинувчи ўз турмуш ўртоғини сабабсиз рашк қилиб, уни ҳақорат қилганлиги сабаб этиб кўрсатилган бўлсада, айнан маҳалла мутасаддилари томонидан маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизимининг тўғри йўлга қўйилмаганлиги, ушбу оиланинг фақат ижтимоий масалалари ўрганилиб, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари, бир қанча вақтдан буён эр ва хотин ўртасида ўзаро ишончсизлик, сабабсиз рашк натижасида оиланинг доимий келишмовчиликлар гирдобида қолганлик ҳолатлари ўрганилмаганлиги, бунда қишлоқ вакиллари, нуроний отахон ва онахонларнинг таъсири умуман бўлмаганлиги, маҳалла мутасаддилари ҳамда фаоллар ўртасида узвий ҳамкорликнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги қаттиқ танқид остига олиниб, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари қаттиқ огоҳлантирилди.
Муҳокама якунида раҳбарлар томонидан ушбу маҳаллада, шунингдек, туманнинг қолган барча маҳаллаларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирлар белгилаш, маҳаллабай ва хонадонбай иш тартибини жорий қилиш борасида туман сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар ҳамда маҳалла масъулларига аниқ ва манзилли топшириқлар берилиб, бунда кенг жамоатчлик билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳалла фаоллари, обрўли фуқаролари, қишлоқ ва кўча вакиллари, нуроний отахон ва онахонларни жалб этиш лозимлиги уқтирилди.