Бухоро вилояти сектор раҳбарлари афв этилганлар билан учрашди
Инсон ҳаётда билиб билмай хатога йўл қуйиши мумкин. Агар у қинғир ва ножўя босган қадамини тан олиб, астойдил пушаймон бўлса, кечиримлидир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 104 нафар фуқаро афв этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлатимиз Бош қомуси — Конституция қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 104 нафар фуқаро афв этилди.
Жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиқарилганлар қаторида икки нафар Бухороликлар ҳам бор.
Бугун, 18 декабрь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов бошчилигидаги ҳудуд секторлари раҳбарлари афв этилган фуқаролар билан учрашдилар.
Афв этилганлар билан суҳбат асносида сектор раҳбарлари уларнинг ижтимоий-тиббий реаблитацияси, соғлом турмуш тарзига қайтариш масалалари бўйича вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш, бандлик бошқармалари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаб олдилар.
Ромитан тумани “Хоса” МФЙда истиқомат қилиб келаётган Ҳалим Аслонов панжара ортига тушгунига қадар туппа-тузук ишлаб, тунукасозлик касб-кори билан тирикчилигини ўтказиб, оиласи бағрида эмин-эркин умргузаронлик қилиб келаётганди. Минг афсуски, у 2004 йил март ойида Қаҳрамон қишлоғида, Негмат Раззоқовнинг уйида содир этилган портлашга алоқадорликда айбланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир нечта моддасига мувофиқ 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Шу йилнинг 6 декабрида жазони ижро этиш муассасаси, Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги манзил колониясидан озодликка чиққан ушбу фуқаронинг оиласи, қарамоғидаги фарзанди ижтимоий муҳофазага олиниб, мунтазам моддий ёрдам бериб келинган.
Инсонга бир маротаба берилган умрни муносиб ўтказиш, ҳар қандай иллату балолардан йироқ юриши, аввало оила барқарорлигини таъминлаб, ҳалол меҳнат завқини суриши ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир, – деди ўз сўзида вилоят раҳбари. Президентимиз томонидан афв қилинганларнинг ижтимоий реаблитацияси, уларни соғлом ҳаётга қайтариш, иш билан таъминлаш, жамиятда ўзларини ҳеч кимдан кам ҳис этмай, тўлақонли яшашлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиб берилиши долзарб вазифа эканлиги таъкидланган.
Ҳалим Аслонов ҳам бошидан кечирганларидан тўғри хулоса чиқариб, “Камол Камрон Козим” МЧЖ га ишга жойлаштирилгани, “Кўникма” марказидан моддий ёрдам пули, яна бошқа эътибор ва ғамхўрликлардан мамнулигини билдириб, айни кунда таъмирталаб аҳволга келган уйини таъмирлашда ёрдам сўради. Албатта, унинг мурожаати қондириладиган бўлди.
Ғиждувон тумани Янгиқўрғон қишлоғида яшовчи Аҳмад Мўминов эса бир неча йил бурун ҳовлиси этагидаги томорқа ерида хуфёна равишда таркибида гиёҳванд модда бўлган ўсимликни етиштириш, наркотик моддаларни тайёрлаш, сақлаш ва сотиш билан боғлиқ жиноятга қўл уриб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан айбли деб топилган ва озодликдан маҳрум этилган.
Бугун эса у, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги, ҳаётини изга солишга қатъий аҳд қилгани боис афв этилди. Ўрганишдан сўнг Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан Аҳмад Мўминов оиласига “Ҳар бир оила––тадбиркор” лойиҳаси доирасида имтиёзли кредит маблағи ажратиладиган, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигидан 10 бош қорамол олиб бериладиган бўлди.
Менга тайинланган жазо муддатининг ярмини ўтаб улгурмай озодликка чиқарилганимни, менга ва оиламга, халқимиз ҳамда Президентимиз томонидан кўрсатилган беқиёс меҳр-мурувват деб биламан, – дейди Аҳмад Мўминов. Албатта, бу ишончни ҳалол меҳнатим билан оқлайман.
Мулоқот чоғида афв этилганларнинг жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашлари учун нимаики зарур бўлса, маҳаллий ҳокимликлар, тегишли ташкилот ва идоралар томонидан барча шарт-шароит яратилиши таъкидланди.