Бухоро вилоятида аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этиш ишлари бошланди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудларда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий, соғлиқни сақлаш, таълим, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги муаммоларини манзилли бартараф этиш бўйича бир қатор ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мазкур ислоҳотлар республикамизнинг чекка ҳудудларидаги маҳалла ва овулларида истиқомат қилувчи фуқароларимизнинг кундалик ҳаётида ҳам амалий натижаларини кўрсатмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад эса халқимизнинг розилигини олишдан иборат.
Бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятининг барча туман-шаҳарларида бўлиб, аҳолини қийнаб келаётган мавжуд муаммоларни манзилли бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Ушбу жараёнларда асосий эътибор ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни «маҳаллабай», «фуқаробай» тизими ва «Хавфсиз ҳовли» тамойили асосида жиловлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини яратиш орқали камбағалликни қисқартириш борасида сектор раҳбарлари томонидан олиб борилаётган ишлар натижадорлигига қаратилмоқда.
Хусусан, республика ишчи гуруҳи масъуллари вилоятнинг Ғиждувон туман ички ишлар бошқармаси 1-сон ички ишлар бўлими фаолияти ҳамда ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Туманнинг 84 775 нафар аҳоли истиқомат қиладиган 18 та маҳалласига хизмат кўрсатувчи бўлимда профилактика инспекторлари, тезкор вакил ва навбатчилик қисми ходимлари, суриштирувчи ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор хизмат фаолиятини юритади.
Масъуллар бўлим фаолияти билан танишиш асносида туман сектор раҳбарларининг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли, хавфсиз ҳудудга айлантиришга қаратилган фаолияти муҳокама қилинди. Жумладан, жиноятчиликни ҳисобга олиш, уларнинг таҳлилини олиб боришда юзага келаётган тушунмовчиликларни бартараф этувчи механизм ишлаб чиқиш борасида сўз юритилди.
Президентимиз томонидан меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш, маҳаллаларда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилини қарор топтиришда ташаббускорлик кўрсатаётган ижтимоий фаол нуронийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш вазифалар белгиланган эди.
Маҳалла фаоллари сафига нуроний ва меҳнат фахрийлари бириктирилиши натижасида низоли оилалар ва ажримлар сони камайишига эришилмоқда.
Республика ишчи гуруҳининг вилоятдаги ўрганишлари жараёнида нуроний ва меҳнат фахрийларининг катта ҳаётий тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, уларни жамиятдаги фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Ишчи гуруҳнинг тумандаги ўрганишлари давомида «Сармижон» маҳалласида истиқомат қилувчи нуроний ва меҳнат фахрийлари билан мулоқот ўтказилди. Мулоқотлар чоғида нуроний отахон ва онахонларнинг катта ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, ёш авлодни тарбиялашга қаратилган фикрлари тингланди.
Шундан сўнг, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчисининг ҳамкорликдаги фаолияти ўрганилди. Уларнинг фаолиятини тўғри ташкил этиш бўйича керакли тавсиялар берилди.
Мавжуд муаммоларни бартараф этишнинг самарали усули аҳоли бандлигини таъминлаш деб оладиган бўлсак, тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш муҳим масала ҳисобланади.
Бу борада, Сармижон қишлоғидаги фуқаро Жамоловга тегишли тикув цехи имкониятлари ва бунда фаолият юритаётган «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар бандлигини таъминлашга доир ишлар билан танишилди.
Тумандаги ўрганишларнинг сўнгги манзили «Обод» маҳалласида жойлашган «Озод-Озода Fayz Mebel” ва “Fayzli Mebellar Saltanati” масъулияти чекланган жамиятлари бўлди. Мазкур тадбиркорлик субъектлари фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар иш гуруҳ масъуллари томонидан батафсил ўрганилиб, бартараф этиш чоралари кўрилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, юқоридаги ишлаб чиқариш корхоналарида жами 20 га яқин эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлаш амалиёти йўлга қўйилган. Келгусида тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтириш, иш ўринларини оширишга етарлича шарт-шароитлар яратиб бериш юзасидан сектор раҳбарларига топшириқлар берилди.
Ташриф доирасида вазир Шофиркон туманида ҳам бўлиб, «Султонобод» маҳалласида жойлашган вилоят ИИБ оталиғига олинган 3-умумий ўрта таълим мактаби Кўлобод филиалининг янги бунёд этилган, 80 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий биносида таълим жараёни, ўқувчиларга яратилган шароитлар, фан ва спорт тўгараклари, йўл ҳаракати хавфсизлиги хонаси билан танишди.
Мазкур маҳаллада жами 497,1 га. ер майдони 3 714 нафар эҳтиёжманд аҳолига ижара асосида 10 сотихдан ажратиб бериш орқали улар бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини яратиш тажрибаси ҳам ўрганилди.
Ўрганишларнинг кейинги манзили туманнинг «Қалмақон» маҳалласида жойлашган 272-сонли Ҳуқуқ тартибот маскани бўлди. Ҳудудда жиноятчилик салмоғи ошганлиги, сектор раҳбарларининг асоссиз хотиржамликка берилганлиги мутасаддилар томидан қаттиқ танқид остига олинди. Йўл қўйилган камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.
Таъкидлаш лозимки, жадал суръатларда ривожланиб бораётган юртимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада, масъуллар ушбу маҳаллада ташкил этилган академик T.Mirzayev номидаги Ахборот-кутубхона марказида ёшлар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг маънавий-маърифий ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини шакллантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан танишди. Кутубхонада 130 мингга яқин китоб фонди мавжуд бўлиб, бунда 8 минг нафар ортиқ ёшлар китобхонликка кенг жалб қилинган.
Шунингдек, ушбу маҳалла гузарида ташкил этилган Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини яратиш тажрибаси яқиндан ўрганилди. Марказда бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилган бўлиб, ҳозирда 89 нафари ўқитилмоқда. Уларнинг 82 нафари ўзини-ўзи банд қилиш ҳамда 22 нафари тадбиркорликка жалб қилиш орқали бандлиги таъминланган.
Республика ишчи гуруҳи вакиллари шу куни Вобкент тумани «Чармгарон» маҳалласида жойлашган Марказий деҳқон бозорида аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган ишларнинг натижалари кўздан кечирилди. Мутасаддиларга нарх-навони барқарорлаштириш чора-тадбирларини доимий равишда давом эттириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Туманнинг «Ширин» туризм қишлоғида жойлашган “Shirin Turizm House” МЧЖ фаолияти билан танишилиб, бунда сайёҳларга яратилган шароит ва имкониятлар ўрганилди.
Шу куни масъуллар «Хайрхуш» маҳалласида яшовчи Саъдуллоев хонадонида имтиёзли кредит асосида ташкил этилган иссиқхона, узумчилик ва паррандачилик тажрибаси ўрганилди. Бунда, 12 нафар эҳтиёжманд аҳоли иш билан банд этилган бўлиб, уларнинг ойлик даромади 15 млн сўмни ташкил этмоқда. Масъуллар томонидан ушбу хонадонда йўлга қўйилган амалиётни туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш таклифи берилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Рўзиев, Неъматов ва Очиловлар хонадонларида ҳам бўлиб, ташкил этилган пиллачилик тажрибаси билан танишилди. Бунда, масъуллар томонидан белгиланган режани ортиғи билан бажарган пиллачиларга қимматбаҳо совғалар топширилиб, муносиб рағбатлантирилди.
Ички ишлар вазирлигининг алоҳида ишчи гуруҳи ташаббуси билан вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида тезкор профилактик тадбирлар ташкил этилди.
Тадбирларнинг дастлабки кунида 32 та жиноий ҳолат ва 40 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланди, илгари содир этилиб, очилмасдан қолган 3 та жиноят фош этилди, 4 нафар қидирувдаги шахслар ушланди. Махсус «Авторейд» тадбирларида эса 638 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Вилоятда амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар ўрганишлар якунига бағишланган йиғилишда танқидий таҳлил қилинади. Республика ишчи гуруҳининг вилоятдаги ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.