Бухоро вилоятида чорва-мол ўғирликларини содир қилган жиноий гуруҳ қўлга олинди.
2021 йилнинг 16 январь куни соат 09.00 дан 17:00 ларга қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс, Ромитан тумани Қизил Работ маҳалласида яшовчи, 1979 йилда туғилган У.М. га тегишли бўлган ҳар бирининг баҳоси 5.000.000 (беш миллион) сўмлик 3 бош қорамолларини яширин равишда ўғирлаб, жабрланувчига жами 15.000.000 (ўн беш миллион) сўм миқдорида моддий зарар етказганлиги ҳолати юзасидан Ромитан тумани Ички ишлар бўлимига мурожаат келиб тушган.
Мазкур мурожаат юзасидан туман Ички ишлар бўлимида зудлик билан алоҳида тергов тезкор гуруҳи тузилиб, туман марказидан 230 км узоқликда, чўлнинг қоқ ўртасида содир этилган ушбу ўғирлик жиноятини фош этишга киришилди.
Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича бир қатор тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Туман Ички ишлар бўлимида тузилган тергов тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани Нукус маҳалласида яшовчи, 1985 йилда туғилган муқаддам судланган С.И. ўзининг 6 нафар жиноий шериклари, маҳалладошлари 1983 йилда туғилган С.С., 1987 йилда туғилган С.Б., 1989 йилда туғилган А.И., 1991 йилда туғилган И.М., Хоразм вилояти Урганч шаҳри Шарқ кўчасида яшовчи, 1985 йилда туғилган С.О. ва Хоразм вилояти Урганч шаҳри Шоликор маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган М.Х.лар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб содир этганликлари аниқланиб, жиноий гуруҳ аъзоларидан 2 бош қора моллар, мол сўйишда ишлатиладиган анжомлар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Ҳозирги кунда ушбу жиноий гуруҳ аъзоларининг 6 нафарига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, вилоятимизнинг бошқа туманлари ҳамда қўшни вилоятлар ҳудудларида содир этилиб фош этилмасдан қолаётган чорва-мол ва бошқа турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш борасида тезкор суриштирув ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.