Бухоро вилоятида фаолият юритаётган Олий таълим муассасаларида содир этилган жиноятлар “соҳабай” муҳокама қилинди
Давлатимиз раҳбарининг Ички ишлар вазирлиги кенгайтирилган Ҳайъат йиғилишида берган топшириқлари ҳамда 17 март куни Ички ишлар вазири иштирокида вилоятимизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишнинг “Маҳаллабай”, “Соҳабай”, “Фуқаробай” тизимлари ва “Ҳудуд методикаси”ни яратиш юзасидан ўтказилган йиғилишда берган кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда содир этилган жиноятлар, жиноят содир қилган шахслар фаолият олиб борган корхона, ташкилот ва муассасаларда соҳабай муҳокама қилинмоқда.
Бугун, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари М.Ҳамроев ва вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Ж.Ҳ.Болтаевлар томонидан Бухоро давлат университетининг мажлислар залида, вилоятимизда фаолият юритаётган 4 та олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари, ишчи, ходим ва хизматчилари ҳамда талабалар томонидан содир этилган жиноятлар ушбу олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, кафедра мудирлари, бўлим бошлиқлари, профессор-ўқитувчилари иштирокида муҳокама қилинди.
Олий таълим муассасалари раҳбар ва ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлар томонидан содир этилаётган барча турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, ёшлар ўртасида учраётган суицид ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига тўхталиб ўтилиб, ёш авлодни тарбиялашга масъул бўлган мутасаддилар ва ўқитувчиларнинг жиноятга қўл уриши ачинарли ва фавқулотда ҳолат эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда давомида тизимда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олидини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу жараёнда масъулларнинг ўрни ва роли тўғрисида сўз юритилиб, 2020 йил ва 2021 йилнинг 2 ойи давомида содир этилган жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароит ва омиллар аниқ мисоллар орқали таҳлил қилинди.
Олий таълим муассасалари мутасаддиларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда соҳа ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш, бунда жамоатчилик назоратини кучайтириш, аниқ ва манзилли ишлар амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.
Йиғилиш сўнгида иштирокчиларнинг мавзуга доир фикр-мулоҳазалари тингланди.