Бухоро вилоятида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш борасида ҳамкорликдаги махсус тезкор профилактик тадбирлар кучайтирилмоқда
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси, шаҳар ва туман ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда вилоят ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, эгаллаш, тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни ўтказиш, истеъмол қилишга жалб этиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатларга қарши кескин курашиш борасида кенг кўламли махсус тезкор ҳамда профилактик тадбирлар амалга оширмоқдалар.
Ана шундай тадбирлардан бири, 2020 йил 9 декабрь куни вилоят Божхона бошқармаси, Давлат Хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилганда, Ғиждувон тумани “Сармижон” ЙПХ масканида “Самарқанд-Бухоро” йўналишида ҳаракатланиб келаётган фуқаро М.Ж. бошқарувидаги “Камаз” русумли юк автомашинаси текширилган. Текширув жараёнида юк машинаси ҳайдовчиси соф вазни 171,77 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги ”Марихуана” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланди.
Жорий йилнинг 10 декабрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ходимларининг Когон шаҳар Махтумқули маҳалласи ҳудудида ҳамкорликда ўтказган худди шу каби тезкор тадбирларидан яна бирида, Сурхондарё-Бухоро йўналишида ҳаракатланиб келаётган, Қоракўл тумани Қозон маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган М.Қ. бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб текширилганда, автомашинанинг олд икки ўриндиғи ўртасида ушбу автомашинада йўловчи сифатида келаётган, 1981 йилда туғилган А.У. га тегишли бўлган, вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасига кўра соф вазни 293,36 граммга тенг бўлган “Опий” гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур иккала ҳолат юзасидан ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.