18 Ноябр 2020 йил 642

Бухоро вилоятида Гиёҳвандлик ва ОИТСга қарши курашишда ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинар ўтказилди

Бухоро вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази барча ишчи ходимлари иштирокида “Таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалари бўлган дори-дармонларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш” ва “ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олишда ҳамкорликда курашиш чора тадбирлари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Бухоро вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ масъул ходими ва Ички ишлар бошқармасининг мутасаддилари томонидан марказ ишчи ходимларига семинар кун тартибидаги мавзулар юзасидан батафсил маълумот берилиб, семинардан кўзланган мақсад ва вазифалар, гиёҳвандлик иллатининг инсон ҳаётига раҳна солувчи, онгини ўзига бўйсундирувчи заҳри қотил эканлиги, у ўз домига илинтирган одамни разолат дунёсига етаклаши ва гиёҳвандликка қарши курашда фақат нарколог ва Ички ишлар ходимигина эмас балки бутун жамият ҳамжиҳатликда кураш олиб бориши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

“Таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психатроп моддалари бўлган дори-дармонларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш” соҳасида давлат тасарруфига кирувчи соғлиқни сақлаш тизимлари ва хусусий дорихоналар ходимлари томонидан таркибида наркотик воситалари ва психатроп моддалари бўлган дори-дармонларни сақлаш, ҳисобга олиш, бериш ва ташишнинг белгиланган қоидаларини бузиш, ушбу турдаги дори-дармонларни талон-тарож қилиш йўли билан эгаллаб, фуқароларга сотиш каби ҳуқуқбузарликлар бугунги кунда кўпайиб кетаётганлиги, бу каби ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни кучайтириш, бефарқликка йўл қўймасдан аниқланган ҳолатлар юзасидан зудлик билан мутасадди ташкилотларга маълум қилиб бориш лозимлиги содир этилган жиноятлар мисолида айтиб ўтилди.

Шунингдек, ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашишда ҳам ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги, касалликни даволашдан ҳам кўра унинг тарқалишини олдини олиш лозимлиги, бу турдаги содир этилган ёки содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар тўғрисида ўз вақтида хабар бериш шартлиги, тери-таносил ва ОИТС касалликларини тарқаб кетишини олдини олиш борасида профилактик ишларни кўпроқ давом эттириш кераклиги, ОИВ инфекциясининг юқиш йўлларидан бири ҳисобланган “Парентерал” усул асосан тиббиёт ходимларининг ўз хизмат мажбуриятларига совуққонлик билан ёндашиши оқибатида келиб чиқиши, ишлатилган инструментларни белгиланган тартибда, тўлиқ зарарсизлантирмасдан бошқа беморларни даволаш жараёнида фойдаланилиши оқибатида ҳам касаллик тарқалиб кетаётганлиги, бу каби ҳолатлар юз берганда, тиббиёт ходими Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 113-моддаси 5-банди билан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида тушунтирилиб, аниқ мисоллар келтириб ўтилди.

Тадбир якунида тингловчилар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб берилди.

Text to speech