21 Июн 2021 йил 567

Бухоро вилоятида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларни олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар

Сўнг йилларда Президентимизнинг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасида, айнан шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари бўйича бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинган.

Булар жумласига, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-562-сон Қонуни, 2020 йил 4 январдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3-сонли қарори, 2019 йил 14 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 495-сонли Қарорини киритиш мумкин.

Ушбу қонун ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва ҳалқаро шартномаларида белгиланганидек хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш ҳисобланади.

Айнан шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 5 октябрдаги ЎРҚ-640-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 206-1-модда билан тўлдирилган, ушбу моддада тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, қонун бу ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазосини назарда тутган.

Шу ўринда Бухоро вилояти маъмурий судлари томонидан 1049 нафар шахсга нисбатан 877 та ҳолатда “Аёлларга нисбатан оилавий низолар негизида зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш” билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар мазмунан кўриб чиқилган.

Оилавий низоларнинг сабаблари, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ билан боғлиқ содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар мониторинг қилинганда, содир этилган оилавий зўравонликларнинг аксарияти оиладаги етишмовчиликлар, мулкий низо, эр-хотин ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, рашк сабабли юзага келган.

Бу йўналишда ҳамкор идоралар билан бирагликда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йилнинг ўтган даври давомида ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёлларнинг 923 тасига “ҳимоя ордери” расмийлаштириб берилган тбўлиб, натижада 516 та оиланинг ярашиб кетишига ва 214 та низоларнинг  бартараф этилишига эришилган.

Шу билан бирга, берилган ҳимоя ордерлари талабларини бузган 29 нафар шахсларга нисбатан МЖтКнинг 206-1-моддаси билан маъмурий иш, 6 нафар шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, барча ҳамкор идоралар билан оилавий зўравонликнинг олдин олиш, уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларга барҳам бериш мақсадида, аксарият низоларнинг оиладаги етишмовчиликлар сабабли келиб чиққанлигини инобатга олиб, эр-хотинлар бандлигини таъминлаш ва бу бўйича қатъий чоралар белгилаш, вилоят ҳокимликлари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларининг фаолиятини жадаллаштириш, қолган ҳамкор идораларнинг ўрни ва ролини ошириш, шунингдек, янги оила қурадиган ёшларни Оила марказларида ўқитиш тизимини такомиллаштириш, бу тоифадаги маъмурий ҳуқубузарликлар юзасидан тарғибот ишларини жадаллаштириш борасида келишиб олинди.

Text to speech