2 Декабр 2020 йил 476

Бухоро вилоятида Пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш борасида ҳамкорликдаги тезкор профилактик тадбирлар кучайтирилмоқда

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 2010 йил 22 сентябрдаги 261-сонли Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 25-октябрдаги 234-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги Қарорда белгилаб берилган вазифаларни бажариш юзасидан Ички ишлар вазирлиги, ундан сўнг Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг тегишли кўрсатма ва фармойишлари ишлаб чиқилиб, ушбу асосларга кўра жойларда комплекс ташкилий-таҳлилий тезкор-профлактик тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

Тадбирни ўтказиш мақсадида, Ички ишлар органларидан 682 нафар, Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармасидан 102 нафар,  Солиқ органларидан 154 нафар, Божхона бошқармасининг 28 нафар ходимлари ҳамда 371 нафар жамоатчилик вакилларидан иборат 79 та гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар томонидан вилоятнинг чегара ҳудудлари, бозорлар, савдо марказлари, кўнгилочар жойлар, ўқув муассасалари ва бошқа жамоат жойлари ҳамда кўчаларда шу кунга қадар 535 маротаба рейдлар, 451 маротаба учрашувлар ўтказилиб, пиротехника воситаларини сотишга мойил шахсларнинг 797 нафаридан тилхатлар олиниб, 4 маротаба оммавий ахборот воситаларига чиқишлар орқали тарғибот ва ташвиқот уюштирилди.

Олиб борилган тезкор профилактик тадбирлар давомида пиротехника воситаларининг ноқонунний савдоси билан боғлиқ 4 та ҳолатлар аниқланди.

Жумладан: Бухоро  шаҳрида ўтказилган тадбирлар давомида,  вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ходимлари томонидан Бухоро шаҳар худудидаги 42-сонли умумтаълим ўрта мактаби олдида, мактаб ўқувчиси 2006 йилда туғилган вояга етмаган Б.С. текширилганида, ёнида 7 қути, 432 (тўрт юз ўттиз икки) дона “Новый век” пиротехника воситасини олиб юрганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Вобкент туманидаги тадбирлар давомида 2002 йилда туғилган А.Ф. 1 қути, 65 (олтмиш беш) дона “Новый век” пиротехника воситасини ёнида сақлаб келаётганлиги аниқланган.

Бухоро вилояти Ички ишлар, Божхона бошқармалари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан хамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида 2003 йилда туғилган, Бухоро шаҳар А.Жомий кўчасида яшовчи  Ю.Ш. ўзининг яшаш уйи олдида 1 дона қоғоз қутида, умумий қиймати  16 756 000 (ўн олти миллион етти юз эллик олти минг) сўмлик  жами 23581 (йигирма уч минг без юз саксон бир) дона пиротехника воситаларини сотаётган вақтда аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда Божхона бошқармасининг хамкорликдаги яна бир тадбирида 2004 йилда туғилган, мактаб ўқувчиси, Бухоро шаҳар, М.Таробий кўчасида яшовчи  И.Ҳ. ўзининг яшаш уйи олдида 1 дона қоғоз қутида умумий қиймати 2.036.000 (икки миллион ўттиз олти минг) сўмлик жами 7080 (етти минг саксон дона) дона “Трения” ёзувли, пиротехника воситаларини сотаётган вақтда аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ҳозирги кунда суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, мазкур йўналишда ҳамкорликдаги тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.

Text to speech