Бухоро вилоятида “Сешанба - Пиёдалар куни" тадбирлари доирасида амалга оширилган тарғибот ишлари
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ҳафтанинг ҳар бир кунига алоҳида ном берилиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар қатъий белгиланган. Шу жумладан, “Сешанба – Пиёдалар куни” да йўлларда пиёдалар билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Бирор бир мақсад билан йўлга чиқдикми, демак ўз-ўзидан биз ҳаракат иштирокчисига айланамиз. Кўпчилик йўл транспорти билан боғлиқ ҳолат қайд этилса, албатта автотранспорт бошқарувида бўлган шахс томонидан маълум қоидаларга амал қилмаганини тушунишга одатланиб қолган. Аслида, ҳар биримиз ўта хушёр ва эътиборли бўлсак, атрофимизда, яна ҳам аниқроқ айтганда биз билан содир бўлиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олган бўламиз.
Аксарият ҳолларда фуқароларнинг йўлнинг исталган нуқтасидан кесиб ўтишлари, атрофдан келаётган хавфни пайқамасликлари, телефон ёки электрон қурилмалар ва бошқа нарсаларга чалғишлари уларни кутилмаган ҳолатга рўбарў қилиши мумкин. Бугун кўпчилик юртдошларимиз катта тезликда келаётган автомашина уларга йўл бериши керак, деган хаёл билан ҳам ҳаракатни давом эттиришга одатланишган. Лекин, ўша автомашина бошқарувида бўлган шахс ҳам толиқиши, чалғиши мумкинлигини кўпинча ёддан чиқариб қўямиз. Натижада, қайд этиладиган ҳолат ҳар икки томон учун ҳам аянчли якун топиши мумкин.
Шу сабабли, йўлларда ҳаракатланаётган хох ҳайдовчи, хоҳ пиёда бўлсин доим ҳушёр бўлиши лозим. Унутманг йўл қоидаси-умр фойдаси.