23 Март 2021 йил 646

Бухоро вилоятида содир этилган жиноятлар “Соҳабай” таҳлиллар асосида, жиноят содир этган шахс фаолият олиб борган корхона, ташкилот ва муассасалар мутасаддилари, ишчи ва хизматчилари иштирокида муҳокама қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 12 февраль куни Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берилган топшириқлар, шунингдек, жорий йилнинг 17 март куни Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирокида ўтказилган танқидий-таҳлилий йиғилишда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишнинг “Маҳаллабай”, “Соҳабай”, “Фуқаробай” тизимлари ва “Ҳудуд методикаси”ни яратиш борасида берган кўрсатма ва топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан бир қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2020 йил ҳамда 2021 йилнинг икки ойи давомида вилоятда фаолият юритаётган корхона, ташкилот, муассасалар, давлат бошқаруви ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ва масъул ходимлари, ишчи ва хизматчилари томонидан содир этилган турли кўринишдаги жиноятлар соҳалар кесимида таҳлил қилиниб, жиноят субъектлари фаолият олиб борган ушбу идораларда жиноятларнинг муҳокама қилиниши йўлга қўйилди.

Худди шу мақсадда, жорий йилнинг 23 март куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ҳамда вилоят прокуратураси бўлим прокурори иштирокида Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси акционерлик жамияти мажлислар залида, ушбу акционерлик жамияти, вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси, вилоят Маҳалла хайрия жамоат Фонди раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳудудий корхоналарининг мутасаддилари иштирокида ушбу тизимларда фаолият олиб борган масъуллар, ходимлар, ишчи ва хизматчилар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятлар бирма бир муҳокама қилиниб, жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган, шарт-шароит яратиб берган омиллар таҳлил қилиниб, кенг муҳокама қилинди.

Келгусида мазкур идоралар ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олиниб, ҳар бир содир этилган жиноятга фавқулотда ҳолат сифатида қараган ҳолда, мутасаддиларнинг жавобгарлик масаласи кучайтирилиши, ҳар бир идора раҳбари қўл остидаги ходимлари ўртасида жиноятларнинг олдини олиш бўйича масъул эканлиги таъкидланди.

Text to speech