9 Март 2021 йил 875

Бухоро вилоятида ўтказилаётган “Қидирув” махсус тезкор тадбирлари ўзининг самарасини бермоқда

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан жиноят содир этиб суриштирув, дастлабки тергов ҳамда суд идораларидан яшириниб юрган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларни қидириб топиш, одил судлов ихтиёрига топшириш орқали жазо муқаррарлиги принципини таъминлаш борасида бир қатор тезкор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда

Ички ишлар бошқармасининг алоҳида фармойиши асосида тузилган гуруҳлар томонидан вилоятимиз, республикамизнинг бошқа вилоятлари ҳамда мамлакатимиз ташқарисида ҳам ўтказилаётган бу каби тадбирлар ўзининг самарасини бермоқда.

Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган “Қидирув” тадбири давомида, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 166-моддаси (талончилик) 3-қисми, 169-моддаси (ўғирлик) 2-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир қилиб, тергов органларидан яширинганлиги учун, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2021 йил 22 февраль кунидан бери қидирув эълон қилинган, Бухоро шаҳар, Б.Нақшбанд кўчасида рўйхатда турувчи, илгари ҳам ўғирлик жиноятлари учун бир неча бор судланган, 1980 йилда туғилган Ж.А., исмли шахс Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани чекка ҳудудларида яшириниб келаётган жойи аниқланиб, қўлга олинди ва Бухоро вилоят ИИБ Пробация ва Жазони ижро этиш бўлимига қарашли 4-сон Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилиб, тергов органларидан яширинганлиги учун, Жондор тумани Ички ишлар бўлими томонидан 2021 йил 20 февраль кунидан қидирув эълон қилинган, Ғиждувон тумани Буктарой маҳалласида рўйхатда турувчи, 1985 йилда туғилган Х.И. ҳам Тошкент вилоятининг Бўка туманида ушланиб, унга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси ижрога қаратилди.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари ходимлари томонидан, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда бу каби тадбирлар изчиллик билан давом эттирилиб, натижадорликка эришиш чоралари кўрилмоқда.

Text to speech