5 Март 2021 йил 616

Бухоро вилоятида жорий қилинган ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев томонидан жойига бориб ўрганилди

Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилоятида ёшлар билан ишлашнинг янги тизими асосида бир гуруҳ кўнгилли ёшлар ҳарбий қисмларда бир ҳафталик ҳарбий хизматни ўташга жалб этилган эди.

Бухоро вилояти ҳокимлигининг 2020 йил 30 декабрь кунидаги “Бухоро вилоятида 2021 йил давомида вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар” Дастурининг 87-бандига асосан, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Ёшлар Иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, оилавий ҳамда ижтимоий аҳволи оғир оилаларнинг вояга етмаган фарзандлари, ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган ёшлар билан ишлаш борасидаги профилактик чора тадбирлар самарадорлигига эришиш мақсадида, ушбу тоифа ёшларни вилоят ҳудудидаги ҳарбий қисмларга бир ҳафталик ҳарбий хизматни ўташга жалб этиш тизими жорий қилинган.

Мазкур лойиҳа жорий йилнинг март ойи давомида амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, ҳар ҳафта шаҳар-туман ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган, оилавий ҳамда ижтимоий аҳволи оғир оилаларнинг фарзандларидан иборат 50 нафар кўнгилли ёшлар бир ҳафталик ҳарбий хизматни ўташ учун ҳарбий қимларга сафарбар қилинмоқда.

Жорий йилнинг 1 март кунидан 6 март кунига қадар ташкил этилган ҳафталик ҳарбий хизматнинг биринчи босқичида, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 42 нафар кўнгилли ёшлар жалб этилиб, 28803-сонли ҳарбий қисмга жойлаштирилди.

Ҳафталик ҳарбий хизмат жараёнида ёшларга ҳарбий хизмат сир асрорлари, жанговар қуроллар, ҳарбий техникаларни қўллаш ва улардан фойдаланиш, саф тайёргарлиги, жисмоний ҳамда жанговар тайёргарлик, сиёсий, ижтимоий ва маърифий ўқув машғулотлари ўтказилиб, ёшларнинг ҳарбий соҳадаги билим ва кўникмалари шакллантирилишига алоҳида аҳамият қаратилди.

Бугун, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, Ёшлар Иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши раиси Шерзод Тилавов, Бухоро вилояти ҳарбий горнизони бошлиғи подполковник Ҳусан Каримов ҳамда бошқа мутасаддилар билан биргаликда ҳарбий қисмга ташриф буюриб, бир ҳафталик ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар билан учрашдилар.

Жараёнда, бошқарма бошлиғи ёшлар билан самимий суҳбат қуриб, ҳарбий хизматнинг афзалликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолияти ҳамда ўзининг кўп йиллик иш тажрибасида учраган қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.

Ёшларнинг турли масалалардаги таклиф ва ташаббусларини тинглаб, мурожаатларини ижро учун қабул қилди ва тегишли масъулларга зарурий кўрсатма ва топшириқлар берди.

 Тадбир якунида ҳафталик ҳарбий хизматни ўташга жалб этилган ёшларнинг барчасига китоблар совға қилиниб, Бухоро ҳарбий горнизонининг Ўзбекистон Республикаси рамзлари туширилган футболкалари топширилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад, ёшлар онгида Президентимиз томонидан ёшларга бўлган улкан эътибор ва уларга яратиб берилаётган кенг кўламли имкониятлардан фойдаланиш борасидаги тушунча ва билимларини шакллантириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жисмонан чиниқтириш, ўзи туғулиб ўсган жой ва ота-онага бўлган муҳаббат туйғусини ошириш, ҳарбий хизмат даврида ижобий тавсифланган, соғлом муҳитга қайтган кўнгилли ёшларни, Ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгашининг тавсияномасига асосан муддатидан аввал профилактик ҳисобдан чиқариш, келгусида ўз йўлларини танлашлари учун имкониятлар эшигини очиб беришдан иборатдир.

Text to speech