13 Ноябр 2020 йил 415

Бухоро вилоятидаги криминоген вазияти оғир маҳаллалар бошқарма бошлиғи Шухрат Алиев томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

2020 йил 16 октябрь кунидаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Миллий гвардияси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликларининг қўшма қарори асосида вилоятдаги криминоген вазияти оғир 69 та маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий муаммоларни аниқлаш борасида олиб борилаётган ҳамкорликдаги идоралараро фаолиятини ҳамда 2020 йил 18 февраль кундаги 5938-сонли “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида Бухоро вилоятида кенг қамровли амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда

Жумладан, жорий йилнинг 12 ноябрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шуҳрат Алиев томонидан вилоятнинг Қоракўл, Олот, Жондор, Ромитан ва Вобкент туманларида криминоген вазияти оғир маҳаллаларда сектор раҳбарларининг ҳамкор ташкилотлар, Ички ишлар бўлимлари, Ички ишлар органлари таянч пунктлари ва маҳаллалар билан биргаликда амалга ошираётган ишлари ўрганилди.

Бунда асосий эътибор, мазкур маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида тузилган йўл хариталар ижроси, ҳамкорликдаги профилактик ишлар самарадорлиги, маҳалла ва таянч пунктлари биноларининг инфратузилмаси, моддий техника таъминоти, жиноятларни олдини олиш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар натижадорлиги бирма бир таҳлил қилинди.

Олот туманидаги жиноят сони ошган “Маърифат”, Қоракўл туманидаги “Дўрман” ҳамда Жондор туманининг “Пўлоти” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган Шухрат Алиев, юқоридаги норматив ҳуқуқий ҳужжатлар асосида профилактика (катта) инспекторлари, маҳалла раислари ҳамда Миллий гвардия ходимларининг ҳамкорликда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ҳудудда олиб борилаётган ободонлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларини танқидий кўриб чиқиб, ушбу маҳаллалар масъулларига нисбатан ўзининг кескин танқид ва эътирозларини билдириб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, келгусидаги вазифалар юзасидан мутасаддиларга аниқ, манзилли топшириқ ва тавсиялар берди.

Ўрганишлар якунида бошқарма бошлиғи Ш.Алиев томонидан маҳаллаларда “обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида Ички ишлар органлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг узвий ҳамкорлигини самарали ташкил этиш, аҳолининг турмуш тарзини юксалтириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича ўрганилган ҳар бир туман сектор рахбарлари ва мутасаддилар олдига вазифалар қўйиб, ҳар бир топшириқ ижросини алоҳида назоратга олди.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Алиев томонидан бу каби ўрганишлар вилоятнинг қолган барча шаҳар ва туманларида давом эттирилмоқда.

Text to speech