26 Ноябр 2020 йил 551

Бухоро вилоятидаги жиноят суръати ошган маҳаллаларга соҳавий хизмат ходимлари бириктирилиб, масъулларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаббуси билан жорий йилнинг 10 ойи давомида жиноят суръати ошган 91 та маҳаллаларнинг барчасига вилоят ИИБ соҳавий хизмат ходимлари бириктирилиб, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторларига амалий ёрдам кўрсатилиши таъминланмоқда.

Шофиркон туманидаги Шодлик маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ўтган давр мобайнида содир этилган жиноятлар 1 тадан 3 тага кўпайиб, 1 та ўғрилик, 1 та оғир ва 1 та енгил тан жароҳати етказиш жиноятларни  ташкил этади.

Бугун Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходимлари томонидан ушбу маҳаллада содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилиниб, оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган оилалар ажратиб олинди ва улар билан якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Маҳалла ҳудудидаги аҳоли хонадонлари, савдо мажмуаларида ўрнатилган кузатув камералари тафтишдан ўтказилиб, яроқсизларини янгисига алмаштириш ва қўшимча равишда янги камералар ўрнатиш борасида тарғибот тадбирлари ўтказилди ва ушбу камераларни таянч пунктига интеграция қилиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, кузатув камераларини ўрнатиш борасида олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида, шу куннинг ўзида 2 нафар фуқаролар томонидан ўз хонадони ва ён атрофида кузатув камераси ўрнатиш истаги билдирилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди.

Туман ҳудудидаги 38-сонли умумий ўрта таълим мактаби раҳбарлари ва ўқитувчилари билан биргаликда сабабсиз дарс машғулотларига қатнашмасдан юрган, турли ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, тарбияси оғир ўқувчиларнинг ота-оналари билан якка тартибдаги профилактик ишларни кучайтириш борасида профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Бундан ташқари туман Ички ишлар бўлимининг профилактик ҳисобида турган шахслар билан якка тартибдаги профилактик ишлар олиб борилди.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг жиноят суръати ошган 91 та маҳаллаларнинг барчасида амалга оширилиб, вилоят Ички ишлар бошқармаси масъул раҳбарлари томонидан кунлик назорат қилиб борилмоқда.

Text to speech