21 Декабр 2020 йил 600

Бухоро вилоятининг барча ҳудудларида сектор раҳбарлари томонидан “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳамда “Ватанпарварлик ойлиги” кенг қамровли тадбирлари ўтказиб келинмоқда

Хабарингиз бор, Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳамда “Ватанпарварлик ойлиги” тадбирлари кенг қамров касб этган.

Жорий йилнинг 21 декабрь куни вилоятнинг учинчи секторига қарашли Шофиркон туманида вилоят Ички ишлар бошқармаси, вилоят прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Солиқ бошқармаси раҳбарлари биргаликда ёшлар билан учрашув ўтказдилар.

Шофиркон тумани Саврак маҳалласида ўтказилган тадбирда, дастлаб “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ташкил этилган туман ёшларини ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда мудофаа бошқармаси ходимларининг кўргазмали чиқишлари, жанговар қуроллар, махсус воситалар ва махсус техникаларнинг намойиши, ҳарбий оркестрнинг ватанпарварлик ғоялари акс этган куй-қўшиқлари ижроси иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

Ёшлар билан учрашув давомида сектор раҳбарлари томонидан жами 60 га яқин  ёшларнинг  турли масалалардаги мурожаатлари, талаб ва таклифлари тингланиб,  34 та мурожаатлар мутасаддилар томонидан жойида ижобий ҳал қилинган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб қилинадиган мурожаатлар бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Жумладан, “Ёшлар дафтари”га киритилган Шофиркон тумани Дўрман маҳалласида яшовчи М.Муҳиддинова, Тезгузар маҳалласида яшовчи Ҳ.Темированинг тикув машинаси олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари жойида ҳал этилиб, тикув машинаси билан таъминланган бўлса, Бобоҳайдар МФЙда яшовчи З.Қаҳрамонованинг тикув машинаси ажратишни сўраб қилган мурожаати бўйича Микрокредит банк туман бўлими томонидан кредит асосида 2 дона тикув машинаси олиш бўйича имтиёзли кредит ажратиш учун сертификат берилди.

Шофиркон тумани Боғиафзал маҳалласида яшовчи Ж.Бақоевнинг ишга кириш бўйича қилган мурожаати ҳам жойида ҳал қилиниб, Шофиркон тумани Ирригация бўлимига, шунингдек, Шофиркон тумани Гулистон маҳалласида яшовчи Р.Саноқулова 38-умумтаълим мактабига ишга жойлаштирилдилар.

Шофиркон ёшларининг тадбиркорликни ривожлантиришда кредит масаласида қилган мурожаатлари ҳам масъуллар томонидан ўрганиб чиқилди. Денов маҳалласида яшовчи Д.Бахриддинованинг тикув машинаси олишда имтиёзли кредит сўраб қилган мурожаати бўйича Микрокредитбанк Шофиркон туман бўлими томонидан 10 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиш, Жўйнав маҳалласида яшовчи Д.Бахроновнинг наслли қорамол харид қилиш учун имтиёзли кредит сўраб қилган мурожаати бўйича Халқ банки туман бўлими томонидан 30 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиш, Бобоато маҳалласида яшовчи М.Тошқуловнинг нонвойхона ускунасини харид қилиш учун имтиёзли кредит сўраб қилган мурожаати бўйича Халқ банки туман бўлими томонидан 30 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиш бўйича сертифакатлар берилди.

Тумандаги 32-сон умумтаълим мактабининг 6-синфида таҳсил олаётган иқтидорли, шоира қиз  Н.Ҳожимуротовага ўзи ёзган шеърларини чоп этиш учун компьютер сўраб қилган мурожаати ҳам шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилиниб, 1 дона замонавий планшет билан тақдирланди.

 Тадбир якунида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторларига яқиндан ёрдам бериб келаётган “Фидокор ёшлар жамоатчилик патрул гуруҳи” аъзоларининг 4 нафарига вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташуккурномаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалари, замонавий планшетлар топширилди.

Ёш бўлишига қрамасдан, маъмурий ҳудудида 2020 йил давомида жиноят содир қилинишига йўл қўймаган, хизмат ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида самарали хизмат олиб борган ёш профилактика инспектори лейтенант Э.Шариповга ҳам Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг қимматбаҳо эсдалик совғаси топширилди.

Мазкур тадбирлар, ёшлар ўртасида ватанпарварлик, келажакда ўз устида ишлаб мамлакатимизнинг етук кадрлари бўлиб етишишларида, қолаверса ватан ҳимоячиси деган шарафли касбга қизиқишларини орттиришда ўзининг юксак самарасини беради.

Text to speech