20 Май 2024 йил 758

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Икромжон Турсуновнинг ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиали билан ҳамкорликда вилоят 3-секторига қарашли маҳаллалар еттилик аъзоларининг билим савиясини ошириш мақсадида Президентимизнинг янги қабул қилган Фармон ва қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар юзасидан ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда

Жумладан: бугун, вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон туманининг 75 та маҳаллалари еттилик вакиллари билан туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Ниёзий Болтаев бошчилигида, вилоят ИИБ Ижтимоий профилактика бўлими ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти филиали масъул ходимлари ҳамкорлигида Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрь кунидаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 209-сонли Фармони, “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 402-сонли Қарори, шунингдек,  Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23-августдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисида” ги 536-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом  ҳамда бошқа қуйи норматив ҳужжатлар талабларини ўрганиш юзасидан ўқув машғулоти ўтказилди.

Ўқув машғулотини олиб борган Агентлик масъул ходимлари томонидан тингловчиларга юқорида келтириб ўтилган норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан келиб чиқиб, маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш, маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш ҳамда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этишга доир чора тадбирларнинг амалга оширилиши, “маҳалла еттилиги” аъзоларининг фаолиятини баҳолаш бўйича вазифа ва кўрсатгичларни яхшилаш, маҳаллалар еттилигининг фаолият мезонлари, ушбу фаолият билан боғлиқ келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, KPI кўрсатгичларининг шаклланиши ва бошқа бир қатор йўналишлар юзасидан тушунчалар берилиб, келгусида маҳалла еттилиги ва сектор штаби аъзоларининг ҳамкорликдаги фаолият олиб боришлари юзасидан қўшимча тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди.

Бу каби ўқув машғулотлари давоми вилоят 3-секторига қарашли Шофиркон ва Вобкент туманларининг барча маҳаллаларида, шунингдек, қолган барча шаҳар ва туманларнинг 3-секторига қарашли маҳаллаларнинг еттилик аъзолари иштирокида тасдиқланган график асосида ўтказилади.

 

Text to speech