Бухорода 2 нафар аёлга ОИВ инфекциясини қасддан юқтирган шахс қўлга олинди.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси масъул ходимлари томонидан вилоятнинг барча ҳудудларида тери таносил ва аср вабоси ҳисобланган ОИТС касаллалигини олдини олиш, уни қасддан юқтириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш борасида ҳамкор идоралар масъуллари иштирокида бир қатор тезкор профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Шунга қарамасдан, бугунги кунда тартибсиз жинсий ҳаёт кечириш, соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик, белгилаб берилган чекловларни бажармаслик, гоҳида эҳтиётсизлик ва энг ачинарлиси айрим ҳолларда қасддан бу турдаги касалликларни юқтириш билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар аниқланиб, жиноят содир қилган шахслар жавобгарликка тортилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бирида Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасида яшовчи, 1994 йилда туғилган Б.Н. исмли шахс (исм шарифи ўзгартирилган) 2016 йилнинг сентябрь ойида вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олиниб, ОИВ инфекциясини юқтирганлик учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилиб, унга бир қатор чекловлар белгилаб берилган бўлишига қарасдан, 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йилнинг март ойига қадар Навоий вилояти Учқудуқ туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган П.П. (исм шарифи ўзгартирилган) билан Бухоро шаҳрининг турли жойларида ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб келган.
Бундан ташқари 2020 йил 08 октябрдан бошлаб К.К. (исм шарифи ўзгартирилган) исмли аёл билан шаърий никоҳ асосида биргаликда яшаб, у билан ҳам ҳеч қандай ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб келиб, ушбу иккала аёл П.П ва К.К.ларга ОИВ касаллигини қасддан юқтирган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан Б.Н.исмли шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 113-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Ўзингиз ва фарзандларингиз оила қуришидан олдин тиббий кўрикдан ўтмасдан, аввал ФҲДЁ органларида никоҳлари қайд этилмай туриб, норасмий шаърий никоҳ асосида яшашга асло рози бўлманг.
Шунда ўзингиз ва фарзандларингизни ОИВ ва бошқа юқумли касалликларга чалиниб қолишдан сақлаб қолган, бундай аянчли ҳолатларни олдини олган бўласиз.
Ҳар бир шахс ОИВ юққан ёки юқмаганлигини билишни хоҳласа, энг аввало, тушкунликка тушмасдан вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва барча туман тиббий муассасалари қошидаги "Ишонч" ҳамда аноним хоналарга мурожаат қилиши мумкин.
У ерларда ОИВ инфекцияси бўйича ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавоб топасиз. Шахсни сир тутган ҳолда хизмат кўрсатилади. Истасангиз, лаборатория текширувидан ўтишингиз мумкин.