Бухорода 29 ёшли она ва унинг вояга етмаган 7 ёшли боласи ўлимига сабаб бўлган йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди.
2020 йил 29 сентябрь куни соат 08:00 ларда Жондор туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган С.Ж. ўз бошқарувида бўлган “Нексия-3” русумли автомашинада, Бухоро тумани Работиқалмоқ МФЙ Зарафшон боғдорчилик ширкати ҳудудидан ўтувчи 4 Р-72-сонли автомобиль йўлининг “Жондор-Бухоро” йўналиши 8 километрининг хавфли бурилиш нуқтасига етганида бошқарувни йўқотиб, чап томондаги бетон тўсиққа урилиши натижасида автомашина ағдарилиб кетиб, йўл транспорт ҳодисаси содир қилган.
Натижада автомобиль салонида бўлган С.Ж. нинг турмуш ўртоғи 1990 йилда туғилган Б.Ҳ. ҳамда унинг 2013 йилда туғилган вояга етмаган 7 ёшли ўғли К.Т. лар воқеа жойида вафот этганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан С.Ж. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Бугунги кунда мазкур йўл транспорт ҳодисаси юзасидан “Автотехник”, “Транспорт изшунослик” ва “Суд тиббий” экспертизалари тайинланган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.