Бухорода қалбаки пул купюраларини муомалага киритган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси, шаҳар ва туман Ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда, содир этилган ёки содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни тайёргарлик босқичидаёқ аниқлаш, жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлаш борасида кенг қамровли профилактик, махсус ҳамда тезкор тадбирлар амалга оширилиб, қатор ижобий натижаларга эришиб келинмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Жондор тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида миллий пул бирлигимизнинг купюраларини қалбакилаштириш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди.
Гап шундаки, 2021 йил 11 март куни Жондор тумани Ички ишлар бўлимига, туманнинг Самончуқ маҳалласида яшовчи Л.Р. исмли фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, шу куни савдо дўконига мижоз сифатида келган нотаниш кимса дўкондан 12 дона елим тоғораларни харид қилиб, унга 10 дона 100.000 (юз минг) ва 1 дона 50.000 (эллик минг) сўмлик купюрадаги, жами 1.050.000 (бир миллион эллик минг) сўм пулларни бериб ҳисоб-китоб қилганлигини, нотаниш мижоз кетганидан сўнг пулларни кўздан кечирганида, унга берилган пул купюраларининг серия рақамлари бир хил эканлигини билиб, пуллар қалбаки эканлигига гумон қилганлигини, шу сабабли ушбу номаълум шахсни аниқлаб унга чора кўришни сўраган.
Мазкур мурожаат туман Ички ишлар бўлимида тегишли тартибда қайддан ўтказилган ва терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, фуқаро Л.Р. томонидан тақдим қилган 10 дона 100.000 (юз минг) ва 1 дона 50.000 (эллик минг) сўмлик купюрадаги пуллар юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлими томонидан ўтказилган криминалистик тадқиқотлар натижасида, ушбу пул купюралари Ўзбекистон Республикаси пул бирликларини ишлаб чиқарувчи босма корхона томонидан тайёрланмаган қалбаки пуллар эканлиги, яъни компьютер техникасидан фойдаланиб, рангли томчи-пурковчи принтер ёрдамида қўлбола усулда тайёрланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 176-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши бўйича ўтказилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро туманида яшовчи Р.А., унинг жиноий шериклари К.У. ҳамда Ромитанлик Д.Н.лар олдиндан тил бириктириб содир қилганликлари аниқланган.
Тадбир давомида ўтказилган “Тинтув” тергов ҳаракатлари давомида жиноят иши бўйича гумон қилинувчи Р.А. нинг яшаш уйидан 25 дона 50.000 (эллик минг) сўмлик бир хил серияли, жами 1.250.000 (бир миллион икки юз эллик минг) сўм қалбаки купюралар, шунингдек, жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Д.Н.нинг яшаш хонадонидан бир дона компьютер жамланмаси, бир дона “EPSON” русумли рангли принтер, бир дона қоғоз кесувчи ускуна, 120 дона қирқилмаган оқ қоғознинг ҳар бирига уч нусхадан чоп этилган, бир хил серияли, 50.000 (эллик минг) сўмлик купюрадаги, жами 18.600.000 (ўн саккиз миллион олти юз минг) сўм миқдордаги пул купюралари ҳамда бир дона хотирасида бир нечта давлатларнинг пул бирликлари электрон суратлари бўлган 16 гигабайтли флешкарта ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирги кунда Жондор тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан ушбу жиноий гуруҳнинг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.