19 Декабр 2020 йил 694

Бухорода аҳоли муаммолари билан ишлашда янгича тизим жорий этилади

Жорий йилнинг 16 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, табиий газ ва кўмир таъминотида ноқонуний харакатларга йўл қўйилаётгани таъкидланди. Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтириш таклифи билдирилди.

Мазкур видеоселектор йиғилишидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси юзасидан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов вилоятнинг сектор раҳбарлари билан биргаликда Бухоро шаҳридаги Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла кесимида қилиниши лозим бўлган кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар билан танишди. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари ва Бухоро шаҳар сектор раҳбарлари иштирок этган муҳокамада Қоровулбозор туманида ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти мисолида тайёрлаган тақдимот ўрганилди.

Маълумотларга кўра, айни кунда ҳудуддаги 7 та маҳаллада 4 минг 611 та хонадон, 18 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилаётган кенжа туманда 30 ёшдан ошган аёллар сони 4 минг 400 дан ошади. Уларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлари 64, боқувчисидан айрилганлари 47, нотурар жойларда яшаётганлари 17, уй-жой таъмирига муҳтожлари 27, ишлаш истагида бўлганлари 352, кредит маблағи олиш истагини билдирганлари 371 нафарни ташкил қилади. Ечимини кутаётган аёллар муаммолари 240 тага етган. Жумладан, ўзини-ўзи банд қилиш, жамоат ишлари, томорқа ва иссиқхоналар, касб-ҳунар курсларида ўқитиш, яқин ойларда умумий қиймати 506 миллиард сўмлик 20 та инвестиция лойиҳалари доирасида яратиладиган иш ўринлари сонини 900 тадан ошириш кўзда тутилган.

Туманда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича ишчи гуруҳи штаби тузилган бўлиб, таркибий жиҳатдан ўнга яқин кўча ва улардаги аҳолини ўз ичига олган маҳаллалар ишчи гуруҳлари бевосита сектор раҳбарларига бўйсунади. Уларга аҳолидан тушаётган кундалик мурожаатлар замонавий ахборот коммуникацион технологиялари орқали тезкор ҳисобга олиниб, ўрганиш ва таҳлиллар ёрдамида тегишли идоралар ҳамкорлигида тизимли ҳал қилиниши белгиланган.

Муҳокамада вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида Қоровулбозор тажрибасини кенг қўллаган ҳолда аҳоли, айниқса, аёллар ва ёшлар муаммолари билан самарали ишлаш, жойларда фуқаролардан тушаётган мурожаатларни имкон қадар қуйи бўғинда ҳал қилиш талаби қўйилди. Тақдимотда ҳудуд секторлари раҳбарлари, туман ва маҳалла мутасаддиларининг фикр-мулоҳазалари тинглангани ҳолда мутасаддиларга зарур тавсия ва топшириқлар берилди.

Text to speech