6 Ноябр 2020 йил 765

Бухорода била туриб ўзгага ОИВ инфекциясини юқтирган шахс аниқланди

Бухоро вилоятида Ички ишлар бошқармаси, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари билан биргаликда турли хилдаги юқумли ккасалликларни олдини олиш, айниқса аср вабоси ҳисобланган ОИВ инфекциясига қарши курашиш борасида бир қатор тезкор профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ОИВ инфекцияларини тарқатишга қарши курашиш гуруҳи томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган, 2015 йил 22 май кунидан буён ОИВ инфекцияси билан рўйхатга олинган, эркак фуқаро  П.П. (исм шарифи ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йилдаги 80-сонли буйруғи 2-иловасига кўра, касалликни юқтириб олган шахс сифатида, ушбу касалликни жинсий алоқа қилиш йўли билан бошқа шахсга юқтириш хавфи тушунтирилиб, бу тўғрисида ундан тилхат олиниб, жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огохлантирилган бўлишига қарамасдан, қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, 2019 йилдан бугунги кунга қадар бўлган вақт оралиғида Когон шаҳрида яшовчи 1985 йилда туғилган аёл Ж.К. (исм шарифи ўзгартирилган) билан турли вақтларда жинсий алоқа қилиб, унга била туриб, қасддан ОИВ касаллигини юқтирганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сон Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро П.П.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-модда 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда фуқароларимиздан, ОИВ инфекцияси ва шунга ўхшаш турли таносил ҳамда бошқа юқумли касалликларни юқтириб олмасликлари учун ўта эҳтиёт бўлишлари, ўзлари, атрофдагилари ва яқинларининг соғлиғи ва ҳаётига бефарқ бўлмасликларини, соғлом турмуш тарзига, умумий ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишлари ҳамда бетартиб жинсий ҳаёт кечирмасликларини сўраб қолар эдик.

Text to speech