Бухорода бир гуруҳ ижтимоий тармоқ фирибгарларининг қилмишлари фош этилди.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг расмий веб сайти ҳамда телеграм ижтимоий тармоғи, шунингдек, маҳаллий ва марказий телевидениялар орқали бир қатор тарғибот ва ташвиқот, брифинг ҳамда мурожаатномалар кўринишида фуқароларимизнинг турли ижтимоий тармоқларда алданиб қолиш ҳолатлари, хусусан, телеграм ва бошқа интернет тармоқлари фойдаланувчилари томонидан шахсий пластик карталари махфий кодларига эга бўлиб, картадаги маблағларни “ўмараётганликлари” ҳақида материаллар бериб борган эдик.
Бироқ айрим фуқароларимиз ушбу огоҳлантиришлардан ўзларига тегишли хулоса чиқармаганликлари сабабли ижтимоий тармоқ фирибгарларининг “қурбони”га айланиб қолмоқда.
Жумладан: 2021 йил 13 февраль куни Вобкент тумани Ҳажувон маҳалласида яшовчи, А.И. исмли аёл ўзининг уяли алоқа воситаси орқали “Телеграм” ижтимоий тармоғидаги “Зиёдашоп” онлайн савдо каналига аъзо бўлади, шундан сўнг ўзини мазкур канал админи деб таништирган номаълум шахс, савдо канали томонидан унга 500.000 сўм миқдоридаги пул ютуғи сертификатини ютиб олганлигини айтиб, аёлнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб алдаб, мазкур пул ютуғини пластик карта ҳисоб рақамига ўтказиб беришини ваъда қилиб, ундан ўзи ҳамда қудасининг пластик карта рақамларини, махфий кодларини алдов йўли билан олишга эришиб, жабрланувчининг пластик картасидан 644.000 сўм, қудасининг пластик картасидан эса 544.000 сўм пулларни ечиб олган.
Ҳолат бўйича Вобкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Иккинчи ҳолат: 2021 йилнинг 04 март куни номаълум шахс, Когон тумани Чолоқи маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган М.Ш. исмли қизнинг соддалигидан фойдаланиб, телеграм ижтимоий тармоғидаги “Azizbek Normatovich” номига очилган аккаунт орқали, “Сиз, “Omad shou” гуруҳида куннинг омадли инсони бўлдингиз ва 350.000 сўм пулларни қўлга киритдингиз, табриклаймиз, “Click” ёки “Humo” электрон пул ўтказиш тизимига уланган телефон рақам ва пластик карта рақамини юборсангиз ютуқ пулларингизни ташлаб берамиз” - деган СМС хабар юбориш орқали уни алдаб, унинг онаси Т.Ш. номига расмийлаштирилган пластик карта махсус кодларини қўлга киритиб, картада мавжуд жами 228.880 сўм пулларни ечиб олган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Когон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ва ушбу туманлар Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки тергов ҳамда тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятларда умумийлик, содир этилиш усулларидаги бир хиллик кўзга ташлангач, ҳамкорликдаги кенг қамровли тезкор суриштирув ҳаракатлари ўтказилган.
Ушбу жиноят ишларининг умумий томонлари, содир этиш усул ва услублари солиштирилиб, олиб борилган тергов ҳамда тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур иккала жиноятни ҳам Жиззах вилояти, Пахтакор тумани Тошкент маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган Ҳ.С. ва Жиззах вилояти Пахтакор тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи, 2000 йилда туғилган С.К. лар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб содир қилганликлари аниқланди ва ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирги кунда ушбу ижтимоий тармоқ фирибгарларининг бошқа шахсларга нисбатан содир қилган жиноий ҳатти-ҳаракатларини аниқлаш борасида дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Азиз Ватандошлар! Вилоятмиз фуқаролари! Осон бойлик орттириш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, турли хилдаги акциялар, электрон савдоларда қатнашманг.
Сир сақланиши лозим бўлган пластик карта рақамларини бировга ошкор қилманг.
Акс ҳолда ижтимоий тармоқ фирибгарларининг найрангларига алданиб, пул маблағларингиздан ажралиб қоласиз.