24 Апрел 2021 йил 1461

Бухорода энди туғилган чақалоғини сотаётган аёл ва унинг жиноий шериги қўлга олинди

Одам савдоси - инсон, уни шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноят бўлиб, ўзини чегара танламаслиги ҳамда гирдобига ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан бугунги кундаги энг катта ташвиш ва хавотир уйғотадиган ҳолатдир.

Бу турдаги жиноятларнинг содир этилиши бир оз камайган бўлсада, аммо айрим фуқароларимизнинг билиб билмай ушбу жиноят қурбонига айланиб қолаётганликлари ёки қасддан шу жиноятни содир қилаётганликлари ачинарли ҳодисадир.

Республикамиз, қолаверса вилоятимизда ҳам одам савдосини олдини олиш, унга қарши курашиш борасида барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда манзилли тадбирлар, тарғибот ва ташвиқот ишлари, шунингдек тайёрланаётган, содир этилиши мумкин бўлган жиноий ҳолатларни олдини олиш борасидаги тезкор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Худди шундай, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда, Пешку тумани Валфажир маҳалласида яшовчи, Ж.Ф. исмли аёл энди дунёга келган фарзандини сотиш мақсадида, ўз онаси билан ушбу жирканч жиноятни содир этиш учун олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, тиббиёт муассасси ҳудудида чақалоқни ўзга бир фуқарога 8.000.000 (саккиз миллион) сўмга баҳолаб сотаётган вақтида аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан она ва қизга нисбатан Ўзбекистан Республикаси ЖКнинг 135-модда 2-қисми “е” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бир тарафдан ўз боласини сотиш ёки сотмаслик ота-онанинг шахсий масаласидек туюлади, аммо бу хатти-ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ жиноятдир. Қолаверса, бу жиноят инсонийлик нуқтаи назаридан ҳам ижобий баҳоланмайди. Нега одамлар пул учун ҳар хил қабиҳликларга бораяпти деган ўй кечади ҳаёлдан.

Одам савдоси жиноятининг турлари кундан кунга кўпайиб бораяпти, кишиларни алдаб хорижга олиб бориш, уни қуллик гирдобига маҳкум этиш, энг ачинарлиси юқоридаги каби бази кимсалар томонидан ўз фарзандини сотишга уриниш, моддий бойлик эвазига жигарбандини сотаётган оналарни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Азиз фуқаролар, одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат бу мудҳиш ва жирканч жиноятдир. Ушбу жиноятни олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бутун жамият курашсагина ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Огоҳ бўлинг, одам савдосининг қурбонига айланиб қолманг!

Text to speech