Бухорода “Ёшлар дафтари”: Янги ташаббуслар керак! - мавзусида семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 август куни мутлақо янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини жорий этиш, бу ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида, мамлакатимизда жорий этилган “темир дафтар”лар сингари, ишсиз ёшлар бўйича алоҳида (“Ёшлар дафтари”), ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида (“Аёллар дафтари”) рўйхатлар шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш муҳимлиги таъкидланди.
Шу мақсадда Вилоят ҳокимлигида секторлар масъуллари иштирокида "Ёшлар дафтар"ига киритилган бухоролик ишсиз йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва уларга амалий кўмак бериш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда шаҳар ва туманлар ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари, олий таълим муассасалари ректорлари, ёшлар агентлиги ҳудудий бўлимлари бошлиқлари, халқ таълими, бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходимлари ҳам иштирок этишди.
Тадбирда шаҳар-туманлар кесимида шакллантирилган “Ёшлар дафтари”да қайд этилганлар, олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларнинг фикр ва қизиқишларини ўрганиш юзасидан қандай ишлар амалга оширилаётганлиги, бу борада истиқболдаги режалар юзасидан тақдимотлар кўриб чиқилди.
Ёшлар бандлигини таъминлашнинг илғор тажрибаларини ўзлаштириш ва оммалаштириш, хусусан, тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, ёшлар марказлари ва тўгараклар фаолиятини жонлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Йўналишда масъулларга бу борада янги ғоялар, ташаббус ва лойиҳаларни амалиётга кенг тадбиқ этиш бўйича топшириқлар берилди.