Бухорода газоконденсат ўғрилиги билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди.
Бухоро вилоятининг чўл ҳудудларида вилоят Ички ишлар бошқармаси, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда нефт ва нефт махсулотларини қонунга хилоф равишда талон-тарож қилиш ва ўғирлаш билан боғлиқ жиноятларни аниқлашга қаратилган тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Пешкў тумани Қорақалпоқ маҳалласида яшовчи, 1989 йилда туғилган А.М. ва Янгиобод маҳалласида яшовчи 1976 йилда туғилган Ғ.Ў.лар олдиндан жиноий тил бириктириб, Қоракўл туманидаги “Учқир” чўл массивида жойлашган, “Газлинефтгазқазибчиқариш” Масъулияти чекланган жамиятга қарашли, “Миркомилқудуқ-Саватли-Дояхотин” йўналишидаги Д325х12 мм.ли газ қувурининг 7-километрида, газоколлектор темир газ қувурига улайдиган мослама(хомут)ни ўрнатиб, унга елим шланкани улаб, ушбу қувурдан ўзлари томонидан қазилган ўлчами 3х10 метрли ҳовузга полиэтилен (целлофан) қопламасини тўшаб, газоколлектор газ қувуридан ушбу ҳовузни газоконденсат хом-ашёси билан тўлдириб, шу ерда тинитиб, ўзлари бошқариб келган давлат рақам белгиси ўрнатилмаган “Камаз”(Вездихот) русумли юк автомашинанинг борти устига ўрнатилган цистерна ва елим идиш(бочка)ларга солиб, ташиб келаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан А.М. ва Ғ.Ў. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-модда 3-қисми “в,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчилар Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Жиноят иши юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни содир этишда яна 5 нафар шахсларнинг бевосита иштирок этганлиги ҳамда “Газлинефтқазибчиқариш” МЧЖда ишловчи айрим шахслар томонидан моддий манфаат эвазига шароит яратиб берилганлиги аниқланиб, жиноятга алоқадор шахслар билан тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.