Бухорода гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан шуғулланишни касб қилиб олган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси, шаҳар ва туман ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда, вилоят ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, эгаллаш, тайёрлаш, олиш, сақлаш ҳамда бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни ўтказиш, истеъмол қилишга жалб этиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатларга қарши кескин курашиш борасида кенг кўламли махсус тезкор ҳамда профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 14 январь куни Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилди. Олинган маълумотга кўра шу куни тахминан соат 20:30 ларда Бухоро шаҳар А.Ғиждувоний кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган “Кобалт” русумли автомашина тўхтатилиб, автомашина салони кўздан кечирилганда, 1975 йилда туғилган якка тартибда ишловчи, А.Ғиждувоний кўчасида яшовчи, Б.С.га тегишли бўлган 5 дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларга алоҳида қадоқланган ҳолдаги, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасига кўра соф вазни 8.18 грамга тенг бўлган “Марихуана” гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Фуқаро Б.С. билан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида, ундан ҳужжатлаштириб олинган “Марихуанна” гиёхвандлик моддаларини Бухоро туманида яшовчи таниши “М” исмли шахсдан 300 АҚШ доллари эвазига сотиб олганлигини билдирган.
Б.С.нинг кўрсатмалари юзасидан олиб борилган тезкор-суриштирув ҳаракатлари давомида, ушбу шахснинг 1971 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 273-моддаси (гиёҳванд моддаларни ўтказиш) билан судланган, Бухоро тумани Боғидашт маҳалласида яшовчи М.Н. эканлиги аниқланиб ушланган ва унинг ёнидан экспертиза хулосасига кўра соф вазни 2,59 грамм “Марихуанна” гиёҳвандлик моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Жиноят занжири бўйлаб, М.Н. билан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, у, Б.С.га сотган ва ёнидан чиққан “Марихуанна” гиёҳвандлик моддаларини Бухоро тумани Гулшанобод маҳалласида яшовчи таниши “Ш” исмли шахсдан сотиб олганлигини маълум қилган.
гумон қилинувчи М.Н.нинг берган маълумотларига кўра 1970 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 273-моддаси (гиёҳвандлик моддаларини ўтказиш) билан судланган, Бухоро тумани Гулшанобод маҳалласида яшовчи Ш.Ж.нинг яшаш хонадонига борилиб, у билан олиб борилган суриштирув ҳамда уйида ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида, унинг уйидан 3 дона “Спички” ёзувли гугурт қутига алоҳида солиб қадоқланган “Марихуанна” гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.