30 Октябр 2020 йил 738

Бухорода Интернет тармоғи орқали фирибгарлик қилган аёл фош этилди

2020 йилнинг сентябрь ойида, номаълум шахс Наманган вилояти Наманган шаҳар Жомий кўчасида яшовчи, якка тартибда ишловчи, 1999 йилда туғилган Абдуқаҳҳоров Жавлонбек Жамол ўғлига Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига қайтиб келиши учун чипта олиб беришни ваъда қилиб, моддий манфатдор бўлиш мақсадида уни алдаш ва ишончини суистеъмол қилиш йўли билан Интернет тармоғидаги “Золотой карона” сайти орқали Ж.Абдуқаххоровдан жами бўлиб 450 АҚШ долларини электрон пул кўчириш орқали қўлга киритиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 3-сон Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши  қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган якка тартибда ишловчи аёл М.К. содир қилганлиги аниқланди.

Ҳозирги кунда жиноят ишида гумон қилинаётган аёл М.К.га нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда фуқароларимиздан ўзганинг мулкини жиноий йўл билан эгаллаш мақсадини кўзлаб турли ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган ютуқли ўйинлар, турли хилдаги акциялар, электрон савдолар ва шу кабиларга алданиб қолмасликларини сўраб қоламиз.

Text to speech