Бухорода «Нурчилар» диний экстремистик ташкилоти аъзоси озодликдан маҳрум этилди
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг хорижий ҳамкорлар билан амалга оширган тадбирлари натижасида республикамизда фаолияти тақиқланган «Нурчилар» диний экстремистик ташкилоти аъзоси фаолиятига чек қўйилди.
Жумладан, 1975 йилда Бухоро шаҳрида туғилган Тўхтамуродов Бобиржон Баратович «Нурчилар» ДЭТ аъзоси бўлиб, ушбу ташкилот сафида фаолият олиб борган.
Б.Тўхтамуродов иқтидорли ёшларни «нурчилар» сафига жалб қилиш, уларни республикамиздаги демократик бошқарувга қарши тарбиялаш, шунингдек, ташкилотга тааллуқли бўлган экстремистик ғоялар билан йўғрилган материаллар ва адабиётларни тарқатиш билан шуғулланиб келган.
2010-2011 йилларда бир нечта жиноий шериклари ҳибсга олингач, Б.Тўхтамуродов жиноий жавобгарликдан қутилиш мақсадида Россия Федерациясига чиқиб кетган ва Новосибирск шаҳрида жиноий фаолиятини давом эттирган. Кўрилган қидирув чора-тадбирлари натижасида у мамлакатмизга олиб келинди.
Суд ҳукми билан Б.Тўхтамуродов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, у 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Ҳурматли фуқаролар, Сизларни Интернет тармоғидан фойдаланиш жараёнида ва хорижда бўлиш давомида турли тақиқланган ташкилотлар, хусусан Ислом динини ниқоб қилиб фуқароларни ўз сафига жалб қилаётган экстремистик оқимлар ва террорчилик ташкилотлари, шунингдек диний даъватчиларга эргашишдан огоҳлантирамиз.