Бухорода — юрт тинчлиги посбонлари шарафи улуғланди
2025 йил 25 октябрь куни Бухоро давлат университетининг катта мажлислар залида қалбларни ғурур, фахр ва миннатдорчилик туйғуларига тўлдирган унутилмас тадбир — “Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.
Залда жам бўлганлар орасида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Икромжон Турсунов, ички ишлар органлари фахрийлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, шаҳар ва туман бошқармалари ходимлари, шунингдек, ИИВ Бухоро академик лицейи ўқувчилари бор — барчанинг нигоҳи бугун фидокорлик, садоқат ва Ватанга муҳаббат тимсолига айланган касб эгалари сари қадалган.
Маросим бошланишида университет биносининг кириш қисмида ҳарбий оркестр садолари остида ходимлар саф тортиб, меҳмонларни тантанали руҳда кутиб олдилар. Шу ондаёқ байрам кайфияти қалбларга сингди. Залда “Ҳунармандчилик кўргазмаси” ва “Китоб ярмаркаси” ташкил этилиб, Бухоронинг бой маданияти ва маънавий заминидан ўсиб чиққан бадиий руҳи ҳам намоён бўлди.
Тадбирни очиб берган вилоят ҳокими Ботир Зарипов ўз нутқида ички ишлар ходимларини касб байрами билан самимий муборакбод этар экан, уларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнатини юксак қадрлади:
“Сизлар — юрт тинчлигининг кафолати, халқ осойишталигининг таянчи, қонун устуворлигининг ишончли қўриқчиларисиз”, — деди ҳоким ўз сўзида.
Шундан сўнг, саҳнада тайёрланган «Сарҳисоб» видеоролиги намойиш этилиб, ички ишлар тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, замонавий ёндашувлар ва эришилган ютуқлар акс эттирилди. Видеода хизматга садоқат, фидойилик ва жасоратнинг ҳақиқий қиёфаси кўринди.
Байрам сўзини давом эттирган вилоят ИИБ бошлиғи полковник Икромжон Турсунов ўз табригида:
“Ички ишлар ходимининг ҳар куни — синов, ҳар бир вазифаси — ишонч. Биз бу ишончни елкада эмас, юракда олиб юрамиз.”, дея касб фидойиларини шарафлади
Шундан сўнг фидойи ходимларни тақдирлаш маросими бошланди. Саҳна марказида, елкалари медаллар билан ялтираган фахрийлар, юрт тинчлиги учун кечаю-кундуз хизмат қилаётган офицерлар, инспекторлар ва тезкор вакиллар фахр билан туришди. Улар орасида ички ишлар вазирлиги мукофотларига, вилоят прокурори, солиқ бошқармаси ҳамда Миллий гвардия раҳбарларининг фахрий ёрлиқ ва совғаларига сазовор бўлганлар бор.
Байрам шукуҳида фахрийлар, узоқ йиллар хизмат қилган тажрибали ходимлар ҳам сўзга чиқиб, ёш авлодга мурожаат этдилар. Уларнинг ҳар бир сўзи ҳаёт дарсига, садоқат сабоғига айланди.
“Бу либос — шунчаки кийим эмас, бу — масъулият, бу — халқ ишончи, бу — Ватан шаъни,” — деди фахрий офицерлардан бири.
Тадбир якунида саҳнада концерт дастури намойиш этилди. Куйланган қўшиқларда юрт тинчлиги, Ватанга муҳаббат ва мардлик руҳи акс этди. Саҳнадаги ҳар бир оҳанг, ҳар бир сўз, ҳар бир нигоҳ — ички ишлар ходимининг юртга бўлган муҳаббатини яна бир бор тараннум этди.
Эътироф этиш жоизки, бу байрам — фидойиликка эҳтиром, садоқатга миннатдорчилик, хизмат бурчига содиқ инсонларга самимий таъзим рамзи бўлди.