Бухорода шов-шувга сабаб бўлган қотилликка суиқасд ва босқинчилик жиноятини содир қилган Ш.М.исмли аёлнинг яна бир жинояти фош этилди
2020 йил 28 август куни Когон тумани Ички ишлар бўлимига, туманнинг Геофизика маҳалласи Шарқ кўчасида яшовчи, Бухоро шаҳридаги гўзаллик салонларидан бирида стилист бўлиб ишловчи, 1991 йилда туғилган Д.Ж. ариза билан мурожаат қилиб, жорий йилнинг 15 июл кунидан 28 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида, номаълум шахс унинг яшаш хонадонида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, унинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонасидаги сандиқ ичидан 15 дона умумий баҳоси 35.400.000 (ўттиз беш миллион тўрт юз минг) сўмлик тилла буюмларини яширин равишда ўғирлаб кетганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида туман Ички ишлар бўлими тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилган ва Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми “б” ва “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, бир қатор тезкор суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган оператив суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида жиноятни содир қилганликда гумон қилинган шахс тўғрисида маълумотлар олиниб, тезкор ва тергов ҳаракатлар ўтказилган бўлсада, далилларнинг етарли бўлмаганлиги, гумон қилинувчи шахсни айблаш учун асослар бўлмаганлиги сабабли, жиноят иши вақтинчалик ҳаракатдан тўхтатиб қўйилган.
Буни қарангки, мазкур ўғирлик жиноятини содир этганликда гумон қилинган аёл, бир оз ўтиб бошқа бир оғир турдаги, ўта мудҳиш, яъни қотилликка суиқасд ва босқинчилик жиноятларини содир қилиб қўлга олинади.
У билан олиб борилган тезкор суриштирув ва қўшимча тергов ҳаракатлари давомида, мазкур Бухоро тумани Дехча маҳалласи Тор-тор маҳала қишлоғида яшовчи, 1985 йилда туғилган М.Ш. жорий йилнинг август ойида Геофизика маҳалласида яшовчи, ўзи билан бир гўзаллик салонида ишлаб келаётган Д.Ж.нинг хонадонидан 15 турдаги тилла буюмлар ўғирлиги жинояти ҳақида ҳам иқрорлик билдириб, ўғирланган тилла буюмлардан бир дона тилла жанжир, бир дона узук ва бир жуфт сирғани тергов органига топширган.
Ҳозирги кунда жиноят ишида айбланаётган аёл М.Ш.га нисбатан қўшимча айб эълон қилиниб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.