Бухорода содир этилган яна бир мудҳиш қотиллик жинояти фош этилди.
2024 йил 15 январь куни, Бухоро вилояти Когон туманининг Баҳоваддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи фуқаро, туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, акаси Х.А. 2024 йилнинг 7 январь куни тахминан соат 19:30 ларда яшаш уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб қайтиб келмаганлигини билдирган.
Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор тергов гуруҳи тузилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилди.Ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ҳуқуқ-тартибот органларида бу воқеликда қотиллик аломатлари мавжуд деган тахмин пайдо бўлади. Шу сабабли Когон тумани прокуратураси томонидан 2024 йилнинг 20 январь куни ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ҳам бошлаб юборилди.
2024 йилнинг 7 январь кунидан 24 январь кунига қадар бўлган вақт мобайнида бедарак йўқолган фуқарони топиш мақсадида вилоят ҳамда туман прокуратураси, ички ишлар бошқармаси ва ҳудудий ички ишлар органлари, Фавқулотда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тааллуқли идораларнинг тажрибали ходимларидан иборат тузилган тезкор-тергов гуруҳлари томонидан бир қатор тезкор суриштирув, қидирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Қотиллик дея тахмин қилинаётган ҳолатга алоқадор ашёвий далилларни топиш мақсадида жиноят содир қилинган жойга яқин ҳудудлардан ўтган зовур (захкаш), ариқ ва канал сувлари тўсилиб, суви тўхтатилиб тозаланди, қаровсиз бино ва иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва уларнинг ён атрофлари кўздан кечирилди.
Барча қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишлар, муқаддам ушбу турдаги ёки шунга ўхшаш жиноятларни содир қилган ёки содир этишга мойил дея ички ишлар органлари, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг махсус ҳисобида турувчи шахслар ўртасида тезкор профилактик, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди.